Малайзия учоғи 'ракета билан уриб туширилган '

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Голландиялик терговчилар ҳалокат саҳнасига етиб бориша олмаяпти

Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа хизматининг (МХМХ) хабар қилишича, Малайзия ҳаво йўлларининг МН17 рейсли учоғи уни ракета қисмлари тешиши оқибатида учоқ ичида ҳаво босимининг кескин тушиб кетиши туфайли ерга қулаган.

МХМХ вакилларининг сўзларига кўра, бу ҳозирда британ экспертлари тергов қилаётган учоқ “қора қутилар”идан олинган илк маълумотдир.

Малайзия учоғига урилган ракетани ким отгани ҳозирча номаълум қолаяпти.

Тергов комиссиясига раҳбарлик қилаётган голландиялик экспертлар ҳали бу хабарга бирон муносабат билдирганларича йўқ.

МН17 бортида нобуд бўлганларнинг аксари Голландия фуқаролари бўлганлар.

Ким отган?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption АҚШ ракета бўлгинчилар назорат қилаётган ҳудуддан отилганини айтган

Учоқ қулаган жойда қақшатқич жанглар давом этар экан, иккинчи кундирки, Голландия ва австралиялик терговчилар у ерга етиб бора олмаяптилар.

Украина армияси душанба куни ўз қўшинлари учоқ қулаган жойга яқин икки қишлоқ устидан назоратни қўлга олишга муваффақ бўлганларини билдирган.

Халқаро экспертлар ҳозирда учоқ қулаган жойдан 30 чақиримлик масофада жойлашган Шахтёрск шаҳрида қолишмоқда.

Хабарларга кўра, Шахтёрск оғир қуроллардан ўққа тутилмоқда ва у ердан маҳаллий аҳоли қочиб чиқмоқда.

“Оташкесим ҳақида келишувга эришилганига қарамай, бизнинг ишимизга отишмалар билан ҳалақит бераётганлари жонимизга тегди”, - деди Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ОХҲТ)нинг Украинадаги ваколатхонаси раҳбари Александр Ҳуг.

МН17 парвозига нима бўлганини тушуниш учун нафақат “қора қутилар” тергов қилиниши, балки учоқ қолдиқларининг текширилиши, жасадлар таналари очиб кўрилиши, ҳамда Америка сунъий йўлдошларининг маълумотлари олиниши керак бўлади.

АҚШ сунъий йўлдошлари ракета бўлгинчилар назорат қилаётган ҳудуддан отилганига ишора қилганлар.

Айтиш жоизки, агар “қора қутилар”даги маълумот учоқ ракета билан уриб туширилганини аниқ-таниқ айтса-да, бу ракетани ким отганини аниқлаш учун етарли маълумот бўлмайди.

БМТнинг инсон ҳақлари бўйича раҳбари Нави Пиллай Малайзия учоғининг ракета билан уриб туширилиши уруш жинояти дея ҳисобланиши мумкинлигини айтган.

Жазо чоралари

Айни пайтда Оврўпо Иттифоқи Россияга қарши янги жазо чораларини муҳокама қилмоқда.

Бу санкциялар Россиянинг молиявий, энергетика ва мудофаа соҳаларини нишонга олиши мўлжалланган.

Оврўпо Иттифоқининг кескин жазолар киритишига чақириқлар МН17 парвози қулатилиши ортидан кучайган.

Брюсселдаги ОИ элчилари Россияга қарши жазо чораларини киритиш бўйича мажлисга йиғилганлар. Мажлис сешанба куни тушлик вақтигача давом этади.

Янги санкциялар Россия банкларининг Оврўпо бозорларига чиқиш имкониятларига чекловлар, қурол эмбаргоси, ҳамда энергетика соҳасидаги ҳамкорликларни чеклашни назарда тутиши кутилади.

Франция, Олмония, Британия ва АҚШ раҳбарлари душанба куни телефон орқали ўтказган анжуманларида мазкур масалани муҳокама қилганлар.

Суҳбат ортидан Британия Бош Вазири Девид Камероннинг воизи Оврўпо раҳбарлари Россия Украинадаги исёнчиларни дастаклаётгани туфайли янги жазо чораларни киритишга келишиб олганларини айтди.

Ғарб давлатлари Россияни Украинадаги ғалаённи оғир қуроллар билан, хусусан МН17 парвозини қулатган ракета билан қуроллашда айблаганлар.

Россия бу айбловларни рад қилган. Расмий Москва ва исёнчилар учоқни ҳукумат қўшинлари уриб туширганини айтадилар.

Оврўпо Иттифоқининг 28 аъзоси янги жазо чораларини қабул қилсалар, бу жазо чоралари 24 соат ичида кучга кириши мумкин.

Ўтган дам олиш кунларида Оврўпо Иттифоқи Украинадаги можарога гўёки алоқадорлиги туфайли 15 Россия фуқароси ва 18та ширкатнинг Оврўподаги ҳисобларини музлатган ва уларга қарши виза чекловларини киритган.

Жазоланаётган 87та нишон таркибига Россия Федерал Хавфсизлик Хизмати ва хорижий жосуслик агентликлари раҳбарлари, Чеченистон президенти, ҳамда Қримдаги иккита энергия ширкатлари киради.

Бироқ, Россиянинг Роснефть ширкатида 20% ҳиссаларга эга бўлган Британиянинг Бритиш Петролиум ширкати Россияга қарши янги чекловлар унинг фаолиятига “ёмон таъсир” қилишини билдирган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ