Исроил 'Ҳамас барпо этган ерости йўлларни' вайрон қилмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳуга кўра, Ҳамас барпо этган ер ости йўллари вайрон қилинмагунга қадар Ғазодаги ҳарбий амалиётлари давом этади.

Ҳукумат қўмитаси йиғини олди гапирган Нетаняҳу фаластинлик жангарилар Ғазодан Исроилга сизиб киришлари учун қазилгани айтиладиган ушбу туннелларни "оташкесим ўрнатилса, ўрнатилмаса" йўқ қилишга аҳд қилганини таъкидлаган.

БМТга кўра, Ғазодаги сўнгги ихтилофлар туфайли 425, 000 инсон бошпанасиз қолган. Бу бўлга аҳолисининг 25 фоизини ташкил қилади.

Ғазо Бўлгасидаги соғлиқни сақлаш бўйича расмийларга кўра, Исроил 8 июл куни ҳарбий амалиётларини бошлаганидан бери аксари тинч фуқаролардан иборат 1, 390 фаластинлик ўлдирилган.

Исроил тарафи 56 аскари ва икки фуқароси нобуд бўлганини айтади. Исроилдаги тайландлик ишчи ҳам ҳаётдан кўз юмган.

Аввалроқ, Исроил заҳирадаги 16,000 аскарини чақиргани ҳақида хабар қилинган ва бу қуруқликдаги ҳарбий амалиётлар кенгайтирилиши мумкинлиги юзасидан фаразларни кучайтирган.

Бироқ, Исроил армиясининг Би-би-сига айтишича, заҳирадаги кучлар худди шунча сондаги аскарлар ўрнини тўлдиради.

Армияга кўра, ҳозир Ғазодаги амалиётлар учун заҳирадан 59, 000 ҳарбий сафарбар этилган.

Би-би-си мухбири Жон Доннисоннинг хабар қилишича, пайшанба куни эрталаб Исроил Ғазони танклардан ҳужумга тутишда давом этган.

Айни пайтда Исроил жанубидаги Сдерот шаҳарчасида ракета отилаётганидан огоҳлантирилувчи сирена овозлари эшитилган.

Ғазода чоршанба куни 100дан ортиқ инсон ўлдирилгани хабар қилинганди.

Ғазо шаҳрининг Жабалиядаги БМТ мактабига қилинган ҳужум АҚШ ва БМТ тарафидан қораланган. Ҳужумда мактабда жон сақлаётган 16 инсон ҳаётдан кўз юмганди.

Воиз Марк Регев Би-би-сига гапираркан, Исроилнинг бунга масъуллиги исботланса, узр сўрашини мумкинлигини айтган.

"Бизда сиёсат бор - биз тинч фуқароларни нишонга олмаймиз", деган Исроил ҳукумати воизи.

БМТ Бош котибига кўра эса, "барча мавжуд далиллар" ҳужум Исроил артиллерияси воситасида амалга оширилганига ишора қилади.

Исроил Ғазони 1967 йил Яқин Шарқ урушида ишғол қилган. 2005 йилга келибгина бўлгадан қўшинлари ҳамда яҳудий келгиндиларини олиб чиқиб кетганди.

Исроил буни ишғолнинг якуни деб кўради, аммо ҳали ҳам Ғазо чегаралари, сув ва ҳаво ҳудудларининг катта қисмини назорат қилади. Миср Ғазонинг жанубий чегарасида назорат ўрнатган.

Ҳамас Исроил ва Миср тарафидан қамалга барҳам берилмагунга қадар курашдан тўхтатмаслигини айтади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ