'НАТО Россиянинг ҳужумини қайтаришга тайёр эмас'

Фото муаллифлик ҳуқуқи cvc
Image caption Украинадаги воқеалар НАТОнинг Россияга қарашларини ўзгартирган

Шимолий Атлантика иттифоқи Россиянинг аъзо давлатлардан бирига ҳужум қилишига яхши тайёрланмаган.

Бу ҳақдаги огоҳ британиялик бир гуруҳ депутатлар тайёрлаган ҳисоботда янгради.

Британия парламенти қуйи палатасининг мудофаа қўмитасига кўра, Украинадаги зиддият НАТОнинг таҳдидларга қарши туришга қанчалик ҳозирлиги борасида "жиддий етишмовчиликлар" борлигини кўрсатган.

Депутатлар НАТО "радикал ислоҳотлар"га муҳтож эканини ҳам айтишган.

Британиялик миллатвакилларининг ишонишларича, Россия томонидан одатий ҳужум эҳтимоли кам, аммо мунтазам бўлмаган қўшинлар иштирокидаги ахборот уруши ва кибер ҳужумлар эҳтимоли мавжуд.

Ҳисобот муаллифлари жумладан, Болтиқбўйи давлатларида НАТО қўшинлари ва ҳарбий техникасини жойлаштириш, мавжуд тезкор кучларнинг жанговар ҳозирлигини яхшилаш, барча аъзо давлатларнинг ҳарбий ва сиёсий раҳбариятлари иштирокида кенг миқёсдаги ўқув машғулотлари ўтказишни таклиф этганлар.

'Хавотирли қўнғироқ'

Британия парламенти мудоффа қўмитасининг раиси Рори Стюарт "Россиянинг НАТО давлатига ҳужум қилиш эҳтимоли гарчи кам бўлса-да, мавжуд. НАТОнинг бу таҳдидга тайёрлигига ишончимиз комил эмас",- деб айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Расмуссен Россия ортиқ НАТОнинг ҳамкори эмаслигини айтган

Унинг сўзларига кўра, "Россиянинг тактикалари суръат билан ўзгармоқда".

"Улар жумласига кибер ҳужумлар, ахборот уруши ва мунтазам бўлмаган бўлгинчи гуруҳларни қўллаб-қувватлаш киради", деб айтган ўтмишда Ироқ ва Афғонистонда хизмат қилган британиялик сиёсатчи.

Ҳисоботда айтилишича, НАТО охирги 20 йил ичида Россияни ҳудудий таҳдид сифатида кўрмаган, аммо сўнгги воқеалар НАТОнинг қарашларини ўзгартирган.

"Украинадаги воқеалар, 2007 йилда Эстонияга қилинган кибер ҳужум ва 2008 йилдаги Гуржистоннинг ишғоли НАТО учун хавотирли қўнғироқдир.

НАТО воизи Оана Лунгескунинг Би-би-сига айтишича, НАТОда британиялик депутатларнинг ҳисоботини ўрганишади.

"Ҳали март ойидаёқ НАТО Бош Котиби Андерс Фог Расмуссен Россиянинг Украина ва унинг атрофидаги ҳарбий ҳаракатларини иттифоқ ва халқаро ҳамжамият учун хавотирли қўнғироқ деб атаганди", дейди НАТО воизи.

Унинг сўзларига кўра, Шимолий Атлантика иттифоқи ҳозирнинг ўзида коллектив мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш учун чоралар кўришни бошлаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ