Украина инқирози: Исёнчилар маслаҳатчиси 'қатллар'ни тан олди

Украина шарқидаги исёнчилар бош маслаҳатчиси "бош-бошдоқликни олдини олиш учун" маҳкамасиз қатллар амалга оширилганини тан олди.

Игор Друзнинг Би-би-сига айтишича, "қатллар" қолган исёнчи кучлар учун муҳим ишора бўлган.

Шунингдек, у Украина ҳукумати "террорчи" ташкилот эканини, фуқароларга қарши уруш жиноятларига қўл ураётганини айтган.

Айни пайтда Малайзия учоғи қулаб тушган жойда иккинчи кундирки, текширув ишлари олиб борилмоқда.

Холландия ва Австралия мутахассислари "Малайзия ҳаво йўллари"нинг MH17 рақамли рейси ҳалокатга учраган жойни тозалашмоқда.

Учоқ ракета воситасида уриб туширилгани даъво қилинади.

Апрел ойи Украина шарқида бошланиб кетган ихтилофларда 1,500дан ортиқ одам нобуд бўлганига ишонилади.

Исёнчилар мамлакат шарқида Киевдан мустақил давлат эълон қилишган.

Март ойи Россия Украинанинг Қрим минтақасини ўз таркибига қўшиб олганди.

Айни пайтда Қўшма Штатлар ва Оврўпо Иттифоқи Россия Украинадаги исёнчиларни қуроллантираётганини айтиб, қатор жазо чоралари жорий этган.

Россия ҳукумати бу айбловларни рад этади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ