Ғазо: Рафаҳдаги БМТ мактаби ҳужумга учради

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ғазодаги тиббий ходимларга кўра, можародан қочган фаластинликларга бошпана бўлиб хизмат қилаётган БМТ мактабига қилинган Исроил ҳаво ҳужуми камида 10 кишини ўлдирган.

Ғазо бўлгасининг жанубидаги Рафаҳ шаҳрида жойлашган бу мактабда минглаб фаластинликлар бошпана топганлари ишонилади.

Исроил армияси бирон муносабат билдирмади, бироқ Ғазога қарши ҳужумларини давом эттирди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Ғазодаги жангарилар Исроилга ракеталарни отишда давом этар эканлар, якшанба кунининг ўзида Ғазода 30 одам ҳалок бўлган.

Ўтган ҳафта Исроил Жабалиядаги БМТ бошпанасига танклардан ҳужум қилиб 16 кишини ўлдиргани кескин халқаро танқидларга сабаб бўлганди.

Рафаҳдаги манбалар охирги ҳужумда бомба мактаб дарвозаси ёнига келиб тушганини айтишди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Исроил ўз ҳудудига Ғазодан жангариларни киритувчи Ҳамас туннелларини йўқ қилишни истайди ва ҳозирда армия 37 туннелдан аксарини портлатгани хабар қилинади.

Охирги расмий кўрсаткичларга биноан, уч ҳафта аввал бошланган можарода 1740 фаластинлик нобуд бўлган ва 9080 нафари жароҳат олган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer