Луганск ва Донецк ишғолга тайёрланмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Украина ҳукумати қўшинлари исёнчилар қўлидаги Донецк ва Луганск шаҳарларига яқинлашар эканлар, бу икки шаҳардаги оддий аҳоли ишғолга тайёрланмоқда.

Луганск тўлалигича ўраб олингани ва электр қувватисиз қолгани ҳақида хабарлар чиқар экан, маҳаллий яшовчилар озиқ-овқатларни ғамлаб, ертўлаларда тунларни ўтказишмоқда.

Шанба куни Донецк ва Луганскда тўққиз оддий фуқаро ўлдирилгани хабар қилинган.

Шарқий вилоятлардаги исёнчилар апрель ойида Киевдан мустақил эканликларини эълон қилишлари ортидан бу ҳудуд беқарор бўлиб келмоқда.

Жанглар бошланганидан бери 1500дан ошиқ одам нобуд бўлгани ишонилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Маҳаллий телевидение хабар қилишича, Луганскдаги вазият ўта абгор тус олган. У ерда охирги 24 соат ичида уч оддий фуқаро ўлдирилган ва саккиз нафари жароҳат олган.

Ҳаводан ва танклардан отилаётган ўқлар қатор турар жойларни, мактаб ва супермаркетни вайрон қилган.

Киевдаги Канал-5 хабарига кўра, Луганскдаги 50 минг уй электр қувватисиз қолган, 5 мингта уйда на сув ё на газ бор.

Донецкда AFP хабар агентлиги одатда осойишта маҳаллий кўчалардан бирида ўзаро отишмалар орасида қолган аёлнинг жасадини кўрганини хабар қилди.

Петро Порошенко президент этиб сайланганидан бери украин ҳукумати шарқдаги кўп ҳудудларни ҳукумат назорати остига қайтаришга муваффақ бўлди.

Your contact details
Disclaimer