Уйғурлар Хитойнинг "террорчилар" даъвосини рад этишмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Хитой расмийлари 28 июлда Шинжон уйғур мухтор ҳудудида бўлиб ўтган зўравонликларда 37 одам ўлганини хабар қилганлар.

Синхуа давлат хабар агентлигига кўра, қурбонлар гўёки ортида маҳаллий ва халқаро террор ташкилотлари турган қандайдир жиноий гуруҳ ҳужуми оқибатида нобуд бўлганлар.

Ҳужумчилар орасида талафотлар унданда кўп бўлган - полиция билан тўқнашувларда 59 киши ҳалок бўлган.

Ҳодисадан қарийб бир ҳафта ўтиб, Хитой маъмурияти ўлганлар ҳақидаги тафсилотларни энди ошкор қилаяпти.

Айни дамда ҳодисанинг ягона версияси йўқ. Синхуа агентлигига кўра, 215 ҳужумчи пичоқлар ва болталар билан Ёркентдаги полиция нуқталари ва ҳукумат биноларига ҳамла қилганлар.

Аммо, Америкадаги Уйғурлар уюшмаси фаолларининг айтишларича, полиция Рамазон ойида мусулмонларнинг сиқувга олинишига қарши ўтаётган тинч намойишга қарата ўт очган.

"Нотинч Шинжон"

"Бу жиддий террорчилик ҳужуми эди, унинг ортида маҳаллий ва хорижий террорчи ташкилотлар турибди. Қора мақсадларга эга бўлган бу ҳужум яхши уштирилган ва режаланган", - дейилади Шинжон мухториятининг Хитойпараст маҳаллий ҳукумати веб сайтида.

Синхуа ҳужумчилар 30та машинани янчиб ташлаганларини хабар қилади.

Бироқ Америка Уйғурлар уюшмаси бу хабарларнинг ҳаққонийлигини савол остига олмоқда.

Уюшмага кўра, 28 июлда маҳаллий уйғурлар норозилик намойишини уюштирганларида полиция ўта шафқатсиз усуллар билан уни тарқатган.

Бу икки версиянинг ҳеч бирини ҳозирда мустақил манбалардан тасдиқлашнинг имкони йўқ.

Ушбу ҳудудда бир неча йилдирки беқарорлик ҳукм сурмоқда: уйғурларнинг бир қисми хитойликлар уларнинг ўлкасини қандай бошқараётганидан норозилар, ҳамда Пекиндан кўпроқ диний ва сиёсий эркинликларни исташади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer