Британия ва Белгияда Биринчи Жаҳон Уруши хотирланди

Жаҳон раҳбарлари ва қироллик оиласи аъзолари Британиянинг Биринчи Жаҳон Урушига қўшилишининг 100 йиллигини нишонлаб хотира маросимларида иштирок этганлар.

Шаҳзода Чарлз ва Девид Камерон Глазгодаги хотира маросимида қатнашганлар, Шаҳзода Вилям ва рафиқаси Кейт эса кўплаб давлат раҳбарлари билан Белгиядаги тадбирда иштирок этишди.

Белгиядаги маросимда сўзга чиққан Шаҳзода Вилям "бизга озодликни берган" аскарларга миннатдорчилигини билдирди.

Британиядаги маросимлар Вестминстер Аббей черковидаги ибодат ва мамлакат бўйлаб "ўчирилган чироқлар" тадбири билан якун топади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA

Британиядаги ҳар бир хонадон Британия 1914 йилда Олмонияга қарши уруш очган вақт - соат 23:00да чироқларни ўчириб марҳумларни хотирлаши мумкин.

1914 ва 1918 йиллар орасида 17 миллион аскарлар ва оддий фуқаролар ҳалок бўлган.

"Ҳалокатли кунлар"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Кун маросимлари Белгия ишғолининг 100 йиллигини хотирлаш учун 50 давлат раҳбарини Белгиянинг Лиж шаҳрига йиққан тадбир билан бошланди.

Франция Президенти Франсуа Олонд Белгия Биринчи Жаҳон Урушининг илк жанг майдони бўлгани ва Лижда "қаттиқ мудофаа" намойиш қилганини айтди.

Унинг айтишича, француз ва британ аскарлари урушга қўшилганларида "ҳалокатли кунлар" бошланган.

Оврўпо раҳбарлари қаршисида нутқ сўзлаган Шаҳзода Вилям: "Ўтган асрда биз бир неча бор бир-биримизга душман бўлганмиз, бироқ бугун биз дўстмиз ва иттифоқчилармиз", - деди.

"Бизга озодликни берган инсонларга бош эгамиз. Биз уларни ҳар доим ёдда тутамиз", - деди у.

Глазго бош черковида ўтган маросимда Шаҳзода Чарлз, жаноб Камерон, Шотландиянинг Биринчи вазири Алекс Салмонд ва 1400 меҳмон иштирок этган.

Шаҳзода Ҳарри эса миллионлаб британ эркак ва аёлларини урушга кузатган ва кутиб олган Британиянинг Фокстон шаҳри портида ўтаётган тадбирда қатнашди ва ёдгорликка гулчамбар қўйди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer