Абубакр Бағдодий халифаликни орзу қилмоқдами?

Фото муаллифлик ҳуқуқи ap

Тарафдорлари орасида Ҳалифа Иброҳим номи танилган Абубакр Бағдодий 5 июл куни Ироқнинг Мосул шаҳрида жума намозида илк бор кўриниш берди.

Тўрт йил муқаддам Бағдодий "Ироқ Исломий Давлати" (ИШИД ва Исломий Давлат аввал шундай номланарди) раҳбарига айланганидан буён ўзини кўпчиликка кўрсатмай келаётганди.

У 2013 йил апрелига қадар аудио пайғомларни ҳам кўп тарқатмасди.

Унинг илк ёзма баёноти эса Усом Бин Лодин ўлими муносабати билан 2011 йил майида битилган марсия эди.

Бағдодийнинг илк аудио пайғоми 2012 йилнинг июлида чиқди ва унда сўз Исломий Давлатнинг бўлажак зафарлари ҳақида борарди.

Ўн беш ой муқаддам гуруҳ қайтадан кучланди ва Бағдодийга бўлган матбуот қизиқиш орта бошлади.

Унинг ўтмишига оид маълумотлар адади ҳам кўпайишда давом этди.

'Пайғамбар авлоди'

2013 йил июлида Абу Ҳумам Бакр бин Абдулазиз ал-Атҳарий тахаллуси билан қалам тебратувчи Баҳрайнлик идеолог Туркий ал-Бинолий Бағдодий таржимаи ҳолини нашр этди.

Унда Бағдодий оиласи ва аждодларига алоҳида тўхталган. Таржимаи ҳолда даъво қилинишича, Абубакр Бағдодий ҳақиқатан ҳам Ислом пайғамбари Муҳаммаднинг Қурайш қабиласидандир.

Исломий тушунчага мувофиқ, ҳалифа бўлишнинг асосий шартларидан бири ҳам номзоднинг Қурайш қабиласидан бўлишидир.

Туркий ал-Бинолийнинг таъкидлашича, Бағдодий Самарра ва Даяла водийларида жойлашган ал-Бу Бадрий қабиласидандир. Бу минтақа яшовчилари тарихан Пайғамбар Муҳаммад аждодлари сифатида танилган.

Туркий ал-Бинолийнинг ёзишича, 2003 йилда Америка қўшинлари Ироққа бостириб киришларидан олдин Абубакр Бағдодий Бағдоддаги Исломий Дорилфунундан фиқҳ масалаларида доктор илмий унвонига лойиқ деб топилган.

Исломий Дорилфунунни битиргач Абубакр Бағдодий Самаррадаги Имом Аҳмад ибн Ҳанбал масжидида мударрислик қилган.

Бағдодий Қоҳирадаги ал-Азҳар ёки Мадинадаги Исломий Дорилфунун каби диний муассисалар томонидан олим сифатида эътироф этилгани йўқ.

Бироқ, у ал-Қоиданинг ўтмиш ва ҳозирдаги раҳбарлари, Усома Бин Лодин (муҳандис) ва Айман ал-Завоҳирийдан (шифокор) диний таълим даражаси жиҳатидан баландроқда туради.

Шу сабаб Бағдодий ўз тарафдорлари орасида кўпроқ машруъиятга эга.

Юксалиш

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Мосулдаги мажсидда кўриниш бергунга қадар Бағдодийнинг бор-йўғи икки фото сурати мавжуд эди

АҚШнинг Ироққа бостириб кириши ортидан Бағдодий ўзининг бир неча шериги билан Жамоат Жайш Аҳли Сунна вал Жамоасини (ЖЖАСЖ) тузди.

Сунний жангчиларидан иборат ушбу гуруҳ Самарра, Дияла ва Бағдодда фаолият юритди.

Абубакр Бағдодий мазкур жамоа шариат қўмитаси бошлиғи эди.

АҚШ бошчилигидаги кучлар уни 2004 йилнинг декабрида қўлга олишди. Аммо Бағдодий хавфли деб кўрилмагани учун кўп ўтмай қўйиб юборилди.

Ироқдаги ал-Қоида 2006 йил бошида ўз номини Мажлис Шуро ал-Мужоҳиддинга (Мужоҳидлар Шўроси Кенгаши) ўзгартиргач, ЖЖАСЖ раҳбарияти унга баят қилди ва таркибида фаолиятини давом эттира бошлади.

Янги Кенгашда Бағдодий шариа қўмитасига қўшилди.

Аммо 2006 йил охирига бориб ташкилот ўз номини Ироқ Исломий Давлати (ИИД) деб ўзгартирганини эълон қилиши ортидан Бағдодий вилоятлардагри шарият кенгаши бош ноиб этиб тайинланди.

ИИД раҳбари Абу Умар ал-Бағдодий 2010 йил апрелида вафот этди ва унинг ўрнига Абубакр Бағдодий ИИД раҳбари этиб тайинланди.

Тарихий ўрин

Исломий Давлат раҳбарига айлангач Бағдодий уни қайтадан кучли ташкилотга айлантириш ҳаракатига тушди.

Исломий Давлат Бағдодий етакчилигида шафқатсизлик билан бўлсада, ўз назорати остидаги ҳудудларни яхшироқ этмоқда.

Аммо унинг қанчалар узоқ суриши ҳамон савол остида.

Исломий Давлатнинг давомийлига қисман маҳкама жазоларининг шафқатсиз, ижтимоий хизматларнинг эса яхшилангани сабаб бўлиши мумкин.

Бундан ташқари Исломий Давлат ўтмишда унга қаршилик қилган ва кучсизлантиришга муваффақ бўлган Сунний қабилалар раҳбарларини ё ҳалок этди, сафларига қўшилмоқчи бўлганларни эса "кечирди".

Исломий Давлат нишонга олган ёда ишғол этган ҳудудларга назар ташланса, уларнинг кўпи Фрот ва Дажла дарёлари бўйида ва Ироқ ва Суриянинг нефтга бой ҳудудлари экани ойдинлашади.

Бағдодий ва Исломий Давлатнинг қолган раҳбарлари яхши тушунишадики, ҳарбий салоҳиятини кучайтириш баробарида табиий бойликлар устидан яккаҳокимлик ўрнатилса, гуруҳ - уни аҳолининг бир қисми ғоявий жиҳатдан дастакламаса ҳамки - назоратни кучайтиришга муваффақ бўлади.

Исломий Давлат келажаги нима бўлиши номаълум, аммо Бағдодий ўз ташкилотини қайтадан машҳур қилгани аниқ.

Бағдодий ўн йил муқаддам гуруҳга асос солган Абу Мусаб Зарқовийни ҳам моддий ва ҳам обрў жиҳатидан ортда қолдирди.

Аммо Бағдодийнинг ҳақиқий обрўси, афтидан, у дунёдан ўтгач ойдинлашади.

Зеро, Бин Лодин ўлимидан сўнг ал-Қоидага раҳбарлик Айман ал-Завоҳирийга осон бўлмади.

Ҳозирда эса Исломий Давлатнинг "халифаси" юксалаётган "Халифалик лойиҳаси"нинг юлдузи бўлиб турибди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ