Исроил Ғазо бўлгасидан қўшинларини олиб чиқиши ҳақида эълон қилди

Исроил эълон қилишича, ўзининг барча қўшинларини Ғазо бўлгаси ташқарисидаги “мудофаа мавқелари”га олиб чиқади.

Ушбу эълон 4 август куни Миср воситачилигида эришилган 5 август эрталабки соат 8 дан ўт очишни тўхтатиш келишуви муддати бошланишидан сал олдин тарқатилган.

Исроил томонига кўра, қўшинларини Ғазодан олиб чиқишга қарор қилинганининг боиси улар олдига қўйилган мақсадга – Ҳамас жангариларининг ерости йўлларини вайрон қилишга эришилганидир.

Ғазо бўлгасидаги расмийларга кўра, қарийб бир ойлик ҳужумлар 1800 фаластинлик умрига зомин бўлган.

67 исроиллик ҳалок бўлгани хабар қилинган.

Исроил қўшинларини олиб чиқиш эълон қилинишидан олдин тарқатилган баёнотда Исроил Мудофаа қўшинлари 8 июлда бошланган амалиётларда жангариларга Ғазо бўлгасидан Исроил ҳудудига ўтиб ҳужумларни амалга оширишга имконият берадиган 32 туннел вайрон этилгани, 3000 ракета йўқ қилингани, 900 “террорчи” ўлдирилгани айтилади.

Оташкесим бошланишидан сал олдин Қуддус ва Тел-Авив шаҳарларида ҳаво ҳужумларидан огоҳлантирувчи сиреналар эшитилган, Ҳамас жангарилари марказий Исроил ҳудудига ракета отганлари хабар қилинган.

Эрталабки соат 8 дан олдин Исроил қўшинлари Ғазодаги бир нуқтага рейд уюштирганлар.

Мана шу бир ойлик зўравонлик мобайнида ўт очишни тўхтатишга бир неча марта келишилган, лекин бу оташкесимлар узоқ давом этмаган.

Ҳар икки томон ҳам рақибини оташкесим келишувини бузишда айблаган.

Янги келишувга кўра, Қоҳирадаги кейинги музокаралар даврасида барча томонлар вакиллари иштирок этишлари лозим.

Фаластин томонининг асосий талаблари ҳамон эскилигича қолмоқда.

Булар Исроил қўшинларини Ғазо бўлгасидан тўла олиб чиқиб кетиш, бўлгани қуруқлик ва денгиздан қамал қилишни тўхтатиш ва чегарадан ўтиш нуқталарини очиш.

Исроил Бош вазири Бенжамин Нетаняху душанба куни Исроилнинг асосий мақсади “Исроил фуқаролари учун сокинлик ва хавфсизликни қайтариш” деб айтган.

Бу мавзуда батафсилроқ