Тоғли Қорабоғ: томонлар бир-бирини оташкесимни бузишда айбламоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption 20 йилдан ортиқ давом этаётган инқирозда сўнгги кунларда вазият янада таранглашган.

Душанба ва сешанба кунлари Тоғли Қорабоғ чегарасида жойлаштирилган Озарбайжон ва Арманистон ҳарбийлари ўзларининг мавқелари ҳужумга тутилгани ҳақида хабар тарқатганлар, бир-бирларини ўт очишни тўхтатиш келишувини бузишда айлаганлар.

Тоғли Қорабоғдаги армани қуроллилари хабар қилишича, 4 август куни ўзларининг бир жангчиси Озари мергани томонидан отиб ўлдирилган, бу билан ўзларининг охирги кунлардаги талофотлари сони 16 га етган.

Маҳаллий оммавий ахборот воситаларида сўнгги кунлардаги қурбонлар сони бундан ҳам кўплиги айтилади.

Озарбайжон ҳарбийлари хабар қилишича, Арманистон қуролли кучлари Озарбайжон ичкарисида жойлашган қишлоқларни автомат ва оғир қуроллардан ҳужумга тутган.

"Тунги соат 1 дан бошлаб Бош Гарванд қишлоғида жойлашган Арманистон қуролли кучлари автоматлар ва йирик калибрли қуроллардан Чироқли қишлоғи ва рўпарада жойлашган Озарбайжон қўшинларининг мавқеларини ўққа тутганлар", дея хабар тарқатган Озарбайжоннинг АПА ахборот агентлиги.

Озарбайжон Мудофаа вазирлиги хабар қилишича, бир кун мобайнида Арманистон тарафи ўт очиш келишувини 161 марта бузган.

Бундан олдин Арманистон Мудофаа вазирлиги Озарбайжон тарафи 2 августдан 3 августгача оташкесим келишувини 893 марта бузгани ҳақида хабар тарқатган.

"Вазият таранглигича қолмоқда. Бироқ сўнгги кунлардаги таҳлиллар кенг миқёсдаги урушга асос йўқлигини кўрсатмоқда", деб айтган Арманистон Мудофаа вазири Сейран Оханян журналистларга.

20 йилдан ортиқ давом этаётган Тоғли Қорабоғ муаммосини шу ҳафта Арманистон ва Озарбайжон президентлари Россиянинг Сочи шаҳридаги музокараларда муҳокама этишлари режалангани хабар қилинган.

Озарбайжон ҳудуди ҳисобланадиган, бироқ аҳолисининг аксари арманилар бўлган Тоғли Қорабоғда миллий низолар Шўролар Иттифоқи парчаланган 1991 йилда бошланган.

1994 йилда оташкесимга эришилган.

Бироқ Озарбайжон ва Арманистон бир-бирларини мунтазам равишда шт очишни тўхтатиш келишувини бузишда айблаб келади.

Ўшандан буён Тоғли Қорабоғ инқирози 30 минг инсон умрига зомин бўлган деб кўрилади.

Муаммони ҳал этиш йўлида Франция, Россия ва АҚШ воситачилик қилишга ҳаракат қилганлар, бироқ бу интилишлар муваффақиятга эришмаган.

Оврўпо Иттифоқи томонларни зўравонликдан тийилишга, оташкесим битимига риоя қилишга чақириқ билан чиққан.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ