Шинжоннинг Қорамойида исломий либослар тақиқланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Хитой ҳукуматига исломий либослар қатори соқол ҳам ...ёқмайдими?

Исломий либослар ва мусулмонча соқол қўйганлар давлат транспорт воситаларига чиқарилмайдиган бўлди.

Бу ҳақда ҳукумат газетаси хабар берган.

Қорамой шаҳридаги мулозимларга кўра, жами исломий деб кўрилган либослар, улар орасида рўмоллар, паранжилар ва юзга тортиладиган пардалар билан 20 августга қадар транпорт воситаларига чиқиш тақиқланади.

Бунга шаҳарда спорт фестивали ўтаётгани сабаб қилиб кўрсатилган.

Бир пайтлар Шинжонда кўпчилик бўлган уйғурлар Хитойнинг махсус сиёсати туфайли миллий озчиликка айланган.

Сўнгги йиллар минтақа бир эмас бир неча бор қонли зўравонликларга саҳна бўлганди.

Хитой мулозимлари одатдагидай ҳар зўравонликларда уйғур бўлгинчиларини айблашади.

Karamay Daily газетида мулозимлар жамоат транспортидан тақиқланадиган “одамларнинг беш турини” санаб ўтишган.

Саналганлар бурқа, паранжи, рўмол ёпинган ва Ислом рамзи деб кўрилган ҳилолу юлдуз тасвири туширилган либос кийганлар ҳамда “узун соқол қўйган ёшлар”дир.

"Бу тақиққа бўйсунмаган йўловчилар ҳақида полицияга хабар қилинади”, дейилади мақолада.

Шунингдек, барча йўловчиларнинг сумкалари текширилиши ҳам таъкидланади.

"Бу хавфсизлик чоралари ижтимоий барқарорликни таъминлайди, фуқароларимизнинг ирқидан қатъий назар жонини ва молини омон сақлайди”, деб ёзади газета.

Қорамой Урумчидан 400 чақирим шимолда жойлашган.

Хитой ҳукумати нимадан қўрқади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Исломийми ва ё миллий?

Охирги ойларда ҳам турли қонли ҳодисалар суръати ўсди. Хитой расмийлари бу ҳодисаларда уйғур бўлгинчиларини айблаб келмоқдалар.

Май ойида Урумчидаги бозорга икки машинада бостириб кирган ҳужумчилар 31 кишини ҳалок этишди. Март ойида Кунминг шаҳридаги поезд бекатида 29 киши пичоқлаб ўлдирилди.

Бунга жавобан Хитой расмийлари бир йил мобайнида хавфсизлик чоралари кучайтирилиши, Шинжон бўйлаб шаҳар ва қишлоқларда полиция ва аскарлар сони кўпайтирилиши ҳақида эълон қилдилар.

Ҳозирга қадар ўнлаб кишилар ҳибсга олинди, экстремистик амалларда айбланиб, қамоққа ташланди.

Лекин уйғур фаолларининг айтишларича, Хитойнинг бу каби қаттиққўл сиёсати, уйғарлар маданияти ва динини чеклаш амаллари кучли қаршилик ҳаракатига туртки бермоқда.

Хитой расмийлари эса минтақани ривожлантириш ва инсонлар ҳаётини яхшилаш учун кўплаб сармоялар ётқизаётганлари, "террорчилар"ни эса хорижий Исломий гуруҳлар "гиж-гижлаётгани"ни айтмоқдалар.

Ўтган ой Хитойнинг чекка ғарбий минтақаси Шинжонда маҳаллий ҳукумат томонидан этник уйғур бўлган мусулмонларнинг рўза тутишлари таъқиқланган эди.

Расмийларга кўра, давлат корхоналари ходимлари рўза тутиш каби диний ибодат амалларини бажаришлари мумкин эмас.

Ҳукуматнинг бундай қарори минтақада содир этилган қатор ҳужумлар орқасидан хавфсизлик чораларининг ўта кучайтирилган манзарасида юз бермоқда.

Хитой ҳукумати барча ҳужумларда мусулмон бўлгинчиларни масъул деб билади, уйғур раҳбарлари эса бу даъволарни инкор этадилар.

Фаоллар расмий Пекинни Уйғурларга қарши амалга оширилаётган диний ва маданий қатағонни оқлаш учун Уйғур бўлгинчилари томонидан хатарни ўта бўрттириб кўрсатишда айблаганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ