Тарихдаги энг йирик хакерлик ҳужуми - 1,2 миллиард маълумот ўғирланган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Thinkstock

АҚШдаги информацион хавфсизлик масалаларига ихтисослашган Hold Security ширкати эълон қилишича, россиялик хакерлар компютерлар тарихидаги энг йирик маълумотларни ўғирлашга муваффақ бўлганлар.

Hold Security га кўра, 1 миллиард 200 милллион Интернет фойдаланувчиси ва уларга тегишли бўлган очарсўзлар, 500 миллиондан ортиқ электрон почта манзиллари ўғирланган.

Америка ширкати хабар қилишича, маълумотлар 420 мингдан ортиқ веб-сайтларга "бузиб кирилгани" оқибатида қўлга киритилган.

"Бу тарихдаги энг йирик маълумот йўқотиш", дея ушбу ҳодисага таъриф берган Hold Security.

"Уларнинг нишони фақат йирик ширкатлар бўлмаган, улар қурбонлари ташриф буюрган ҳар бир сайтни нишонга олганлар", дея маълум қилган Hold Security.

АҚШ ширкати жабрланганларнинг исми-шарифларини эълон қилмаган.

Hold Security ширкати буни маълумотларни ошкор қилмаслик ҳамда ҳали ҳам ҳужум қурбонига айланиши эҳтимоли сақланиб қолаётган веб-сайтлар номини кўпчиликка маълум қилмаслик истаги билан изоҳлаган.

Ушбу ҳодиса ҳақида илк бор New York Times рўзномаси хабар тарқатган.

Рўзнома Hold Security ширкатига алоқаси бўлмаган экспертга мурожаат қилган ва у ўғирланган маълумотларни таҳлил қилиб, уларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаган.

"Компютер жиноятлари бўйича бошқа бир эксперт эса бу масалани оммавий шаклда муҳокама қила олмаслигини айтган, бироқ у айрим йирик ширкатлар ўзларига тегишли маълумотлар ўғирланганидан бохабар бўлганлар, деб айтган.

Wall Street Journal ёзишича, Hold Security ширкати эълон берган ва бирор бир веб-сайт ҳужумга учраб маълумоти ўғирланганлар орасида бор ёки йўқлиги ҳақидаги маълумот учун тўлов талаб қилган.

Бошида ширкатнинг бундай маълумотни 120 АҚШ долларига сотиши ҳақидаги эълонни ўз веб-сайтида эълон қилгани, кейинроқ бу ёзув олиб ташланган.

New York Times рўзномасига кўра, хакерлар илк маълумотларни "қора бозор"дан сотиб олишган, бу маълумотлардан электрон почта провайдерлари, Интернет ижтимоий тармоқлари ва бошқа веб-сайтларга спам ҳужуми уюштириш билан кўпроқ маълумотларни қўлга киритиш мумкин бўлган.

Маълумотларни қўлга киритган хакерларнинг сони 10 тача экани, уларнинг ёшлари тахминан 20 лар атрофидалиги, улар бир-бирларини шахсан танишлари ҳамда уларнинг серверлари Россия ҳудудида жойлашгани хабар қилинади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ