Тоғли Қорабоғда вазият таранг қолмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Тоғли Қорабоғдаги армани аскарлар ( архив)

Халқаро ҳамжамият эътибори жаҳондаги қатор можароларга “михланган” экан, Ғарбнинг энергетика соҳасидаги йирик ҳамкорларидан бири Озарбайжон ва Россиянинг минтақадаги иттифоқдоши Арманистон ўртасида зиддият юзага чиқмоқда.

Ўтган ҳафта охирида юз берган қуролли тўқнашувлар икки қўшни давлат ўртасида янги уруш келиб чиқиши борасида хавотирларни кучайтирган.

Шу ҳафта охирида Россиянинг Сочи шаҳрида Озарбайжон ва Арманистон президентлари ўртасида учрашув бўлиб ўтиши эълон қилинган экан, баъзи таҳлилчилар можаронинг қайта аланга олишида Россияни айблашмоқда.

Уларга кўра, минтақада ўз таъсирини сақлаб қолишга уринаётган Россия учун бу каби можаро айни муддаодир.

1994 йили эришилган оташкесимдан бери энг жиддийси дея таърифланган тўқнашувларда икки томондан 18 аскар ҳалок бўлган.

Тўсатдан яна авж олган бу можарога шу вақтгача, “музлатилган ҳолатда” дея қараб келинганди.

Озарбайжон нефтдан тушган пулларига сотиб олган қимматбаҳо танклари биринчи маротаба ҳарбий парадда эмас, жанг майдонида кўриниш берди.

Отишмалар онда-сонда ҳануз давом этаётгани ҳақида хабарлар бор, лекин Россия Арман ва Озари президентларини Сочида юзма-юз учраштирмоқчи эканлиги ҳақидада хабар тарқалиши билан орадаги танглик бир қадар кўтарилгандай бўлди.

“Афсуски, бу янги бир урушга айланиб кетиши мумкин эди”, дейди Атлантик Кенгаш тадқиқиот марказидан Сабине Фрейзер.

Бу охирги тўқнашувларда қурбонлар сони вазиятнинг қанчалар жиддий эканидан далолат беради.

Уч кун давом этгани айтилган тўқнашувларда Озарбайжонннинг маълум қилишича, 13 аскарини қурбон берган.

Халқаро миқёсда тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси Мудофаа вазирлигига кўра, улардан беш аскар қурбон бўлган.

Сўнгги зиддиятга нима туртки берди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Тоғли Қорабоғда Қизил Хоч жамияти

Баъзилар бунинг ортида учинчи кучлар турганлигини айтмоқдалар.

Озарбайжонлик сиёсий таҳлилчилар шимолдаги энг катта қўшни Россиядан шубҳа қилмоқдалар.

Россия охирги вақтда Шарқий Украинадаги қуролли бўлгинчилар ва исёнчиларни қўллаётганликда ҳам гумон қилинади.

Таҳлилчи Рашад Ширинга кўра, Россия Владимир Путиннинг Овросиё Иттифоқи лойиҳасига қўшилиш учун Озарбайжон ҳукуматига босим ўтказиш ниятида.

"Буларнинг ҳаммаси Сочидаги учрашув натижаларининг Россия хоҳлаганидек бўлишига йўл очиш мақсадида қилинмоқда. Чунки тўқнашувларнинг келиб чиқиши ва бу аввалдан режаланмаган учрашув вақти орасидаги ўта қисқа муддат жуда шубҳали кўринмоқда" , дейди Рашад Ширин.

Россия Ташқи Ишлар вазири Сергей Лавров президент Путин шу ҳафта охирида Озарбайжон ва Арманистон президентлари билан учрашишини эълон қилди.

Можаро тарихи 1980 йилларга бориб тақалади. Ўшанда Шўролар Иттифоқи қулашидан сал аввалроқ расман Озарбайжонга тегишли бўлган, лекин аксар аҳолиси арманлар бўлган Тоғли Қорабоғ устидан келиб чиққан қонли ҳодисалар икки қўшнини ашаддий рақибларга айлантирди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Олти йил давом этган уруш мобайнида 30 минг инсон қурбон берилди, минглаб одамлар уй-жойларини ташлаб чиқишга мажбур бўлдилар.

Ўшанда Россия воситачилигида оташкексимга эришилганди.

Уруш натижасида Тоғли Қорабоғ ва Озарбайжонга тегишли бўлган яна етти минтақа Арманистон кучлари назорати остида қолган.

Сабине Фрейзер Россияни сўнгги воқеаларда кўр-кўрона айблаш мушкул дейди.

Аммо тўқнашувлардан кейин деярли дарҳол Россиянинг музокаралар таклифи билан аралашуви шубҳалидир, дейди у.

“Россия жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини Украинадан чалғитмоқчидир балки... Москва ўзини нафақат Украинада, балки Қовқозда ҳам муҳим аҳамият касб этишини кўрсатиб қўймоқчи”, дейди Сабине Фрейзер.

Бу мавзуда батафсилроқ