Ироқ маҳкамаси Маликийни дастаклади

Ироқ Бош вазири Нури ал Маликий Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ироқ Бош вазири Нури ал Маликий

Ироқ Олий маҳкамаси Бош вазир Нури ал Маликийнинг учинчи муддатга қолишга ҳақли экани борасида қарор чиқарган.

Суд жаноб Маликийнинг блоки парламентдаги катта сонли ўринларни эгаллагани ва бу унинг яна бир муддат ҳукуматни бошқаришга ҳақли экани борасидаги даъвосини дастаклашини айтган.

Мазкур қарор маликийпараст кучлар Бағдод кўчаларида назорат ўрнатиши манзарасида олинган.

Аввалроқ, Ироқ Бош вазири Нури ал Маликий мамлакат президентини конституцияда белгиланган қонунларни бузгани учун маҳкамага беришини билдирганди.

Бошқа тарафдан истеъфо чақириқлари

Телевизион орқали чиқишида жаноб Маликий парламент ўзига учинчи муддат бош вазирлик ваколатини бермагани масаласига Фуад Маъсум аралашмаганидан норози эканини айтганди.

У президентни "сиёсий ҳисоб-китоблар ва ... Ироқ халқи манфаатларидан баъзи гуруҳларни юқори қўйиш билан коституцияга зид иш тутишда" айблади.

Жаноб Маликийнинг коалицияси апрел ойги сайловларда аксар ўринларни эгаллаган, бироқ парламент унга учинчи муддат бош вазирлик ваколатини бермаган.

Мамлакат шимолида жиҳодий исёнкорлик авж олиши ортидан Нури ал Маликийнинг истеъфоси талаб қилинди.

Ўзи шиалардан бўлган Маликийнинг танқидчилари уни мазҳаблараро масалалардаги сиёсати билан бугунги инқирозни келтириб чиқарганликда айблашади.

Бош вазир истеъфосини талаб қилаётган суннийлар ва курдлар сафига унинг ўз шиа мазҳабдошлари қўшилишган.

Қўшма Штатлар жаноб Маъсумни дастаклаб баёнот берган. Америка Ироқда барча томонларни қамраб олувчи ҳукумат тузишга ундаб келади.

Бош вазирни дастакловчи хавфсизлик кучлари Маликий жаноблари нутқ ирод қилишидан бироз олдин Бағдод атрофидаги асосий мавқеларни эгаллаб олишган.

Аммо, зўравонликлар юз бергани ҳақида хабарлар йўқ.

Аввалроқ, Ироқ курдлари Исломий жангариларни енгиш учун халқаро ҳарбий ёрдам талаби билан чиқишганди.

Америка Қўшма Штатлари аллақачон "Исломий Давлат"нинг Курдистон маркази бўлмиш Эрбил яқинидаги жангчиларини нишонга олувчи қатор ҳаво ҳужумлари уюштирган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ