Снарядлар тушган Донецк қамоқхонасидан хавфли маҳбуслар қочган

Фото муаллифлик ҳуқуқи d
Image caption Девори ўпирилган қамоқхона

Украина шарқидаги Донецк шаҳри четида жойлашган ўта қаттиқ қўриқланувчи қамоқхонага снарядлар келиб тушиши оқибатида 106 нафар маҳбус қочишга муваффақ бўлган.

Маҳаллий расмийларга кўра, бир маҳбус нобуд бўлган, 5 нафари яраланган. Қамоқхонанинг икки қўриқчиси ҳам жароҳат олгани хабар қилинади.

Айтилишича, Украина ҳукумати артиллерияси россияпараст бўлгинчилар назоратидаги Донецк шаҳри атрофини нишонга олаётган бўлган.

Украина қамоқхона нозирлиги ҳозиргача қочиб чиққан маҳбусларнинг 34 нафари қамоқхонага қайтарилганини, бошқаларни қидириш ишларининг давом этаётганини билдирган.

Қамоқхона хизмати вазиятни "мушкул, аммо уддаласа бўладиган" дея таърифлаган.

Маҳбуслар бошпанага кўчирилгани ва руҳшунос ёрдами ҳам кўрсатилаётгани маълум қилинди.

Донецк шаҳри кенгаши воизи Максим Ровинскийнинг айтишича, қамоқхонадан қочган баъзи маҳбуслар қотиллик, ўғирлик ва жинсий тажовуз каби айбловлар билан ўтирганлардир.

Ҳаво йўлаги?

Украина ҳудудга инсонпарварлик ёрдамларини киритиш эҳтимолини кўриб чиқмоқда. Минтақада яшовчи фуқаро электр қуввати ва ё озиқ-овқат заҳираларисиз мушкулотларга дуч келишмоқда.

Кўпроқ Донецк ва Луганск шаҳарларида ертўлалар ва бомбапаналарда жон сақлаётган инсонлар қийналаётгани айтилади.

Россия ҳаво йўлаги ташкил қилишни таклиф қилган, бироқ Киев ва Ғарб давлатлари шу баҳонада чегарага Россия ҳарбий кучлари келтирилишидан хавотирда.

Ҳисоб-китобларга кўра, апрел ойи ихтилофлар бошланиб кетганидан бери 1,500га яқин одам нобуд бўлган.

Исёнкорлар мамлакат шарқида Украинадан мустақил Донецк Халқ Республикасини эълон қилишган.

Жанглар туфайли юз минглаб одамлар бошпанасиз қолишган, кўплар Россияга қочиб ўтган.

Беқарорликлар "Малайзия ҳаво йўллари" учоғи ҳалокати бўйича тўла текширув ўтказишга халақит бермоқда.

298 кишини олиб кетаётган самолёт 17 июл куни бўлгинчилар назоратидаги минтақага қулаб тушганди. Баъзи жабрланганларнинг жасад қолдиқлари ҳамон ҳудудда қолмоқда.

Учоқнинг россияпараст бўлгинчилар томонидан уриб туширилганига қаттиқ ишонилади. Аммо, Россия ва бўлгинчилар бунда Украина ҳарбийларини айблайдилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ