Эбола вирусини юқтирган испан руҳонийси ўлган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Эбола вирусини юқтирганидан кейин Либериядан ватанига қайтарилган испаниялик руҳоний Мигуэл Пажарес вафот этган.

У ҳалокатли вирусдан ҳаётдан кўз юмган илк оврўполик бўлган.

75 ёшли Мигуэл Пажарес Либерия пойтахти Монровиадаги Авлиё Жозеф шифохонаси руҳонийси бўлган.

Бу шифохонада ишлаган кўплаб шифокор ва ҳамширалар ҳалокатли вирусни юқтирганлар.

Авлиё Жозеф шифохонасини ўтган ҳафта ёпишга қарор қилинган.

Бу шифохона директори Патрик Ншамдзе ўтган ҳафта вафот этган, 9 август шанба куни бу шифохонада ишлаган асли конголик ҳамшира ҳаётдан кўз юмган.

Мигуэл Пажареснинг ҳам ҳалокатли Эбола вирусини юқтиргани аниқланганидан кейин Испанияга олиб келинган, пойтахт Мадриддаги шифохонага ётқизилган эди.

Охирги бир неча кун давомида Мигуэл Пажаресни Zmapp деб номланган препарат билан даволашган.

Zmapp ҳали тўла синовдан ўтказилмаган дори.

12 август куни Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилоти айни Zmapp препарати масаласи ҳам кўзда тутилган мажлисни ўтказган.

Эбола вирусига қарши ҳар хил мамлакатларда ҳар хил дорилар синовдан ўтказилаяпти ва ҳали бирорта ҳам препарат синови якунига етмаган.

Бу йиғилишда ҳали буткул синаб ишонч ҳосил қилинмаган дори-дармонлар билан Эбола вирусини юқтирган инсонларни даволашга уриниш қанчалар ахлоққа тўғри келиши муҳокама қилинган.

Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилоти ҳали синови тугамаган препаратлардан даволаш мақсадида фойдаланиш мақсадга мувофиқ, деган қарорга келган.

Шу йил февралида Ғарбий Африка мамлакатларида кўп учрай бошлаган Эболага даво топилмаган.

Шу пайтгача Либерия, Сиерра-Леоне ва Нигерияда ҳалокатли вирусдан ҳаётдан кўз юмган инсонлар сони 1000 дан ошган, жаҳоннинг бошқа қитъаларида ҳам Эболани юқтирган инсонлар билан мулоқотда бўлганларнинг саломатлигидан хавотирлар билдирила бошланган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ