Ҳайдар Абадий янги Ироқ бош вазири сифатида олқишланмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи .

Ҳайдар Абадийнинг Ироқ Бош вазир лавозимига тайинлангани олқишланмоқда.

АҚШ Президенти Барак Обама жаноб Убайдийни кенг қамровли миллий бирдамлик ҳукумати тузиш ва Исломий Давлат жиҳодчиларига қарши самарали курашга чақирган.

Эрон Олий Миллий Амният Кенгаши Ҳайдар Абадийни Ироқ Бош вазири бўлгани билан табриклаган.

Ироқнинг амалдаги Бош вазири Нури ал-Маликий эса ўзининг лавозимидан четлатилганига ғазабнок муносабат билдирган.

Ўтган ой Ироқнинг иккинчи йирик шаҳри Мосулни ўзини "Ироқ ва Шом Исломий давлати" деб эълон қилган сунний жангарилар ўз назоратига олиши ва бугун Исломий давлат деб аталаётган гуруҳнинг тобора кўп ҳудудларни эгаллаб олаётгани билан боғлиқ инқироз юзага келишига Бош вазир Нури ал-Маликий юритган сиёсат асосий омил деб кўрилди.

Исломий Давлат юзага келтирган таҳдид Ироқда суннийлар, шиалар ва курдларни тамсил этган машруъ ҳокимиятни барпо этиш йўлидаги ҳаракатларни жадаллаштирди.

Шунинг учун янги президент, янги парламент спикери ва ҳукумат раҳбарини тайинлаш ишларини тезлаштиришга тўғри келди.

Ироқ парламенти нуфузли курд сиёсатчиси Фуад Маъсумни Ироқ президенти этиб сайладилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Парламент спикерлигига мўътадил сунний Салим ал-Жабурий сайланди ва шиа кўпчиликдан бош вазирлик лавозимига номзод қўйиш чўзилди.

Ҳам ичкари ва ҳам Ироқ ташқарисида Нури ал-Маликий ўрнига бошқа сиёсатчи келиши лозим, деган фикрлар билдирилди, бироқ икки маротаба бош вазирликни эгаллаган жаноб Маликий учинчи бора ҳам бу лавозимни эгаллаш истагида эди.

11 август куни Президент Фуад Маъсум жаноб Маликий партияси аъзоси бўлган, 2006 йилдан парламент аъзоси Ҳайдар Абадий номзодини бош вазирликка тақдим этди.

Жаноб Абадийдан барча сиёсий кучларни тамсил этган янги ҳукуматни шакллантириш сўралди.

Нури ал-Маликий эса президент Ироқ конституциясини бузди, демоқда.

Ҳайдар Абадийга Ироқдаги барча сиёсий кучлар билан яхши мулоқот ўрнатган, бошқарув тажрибасига эга сиёсатчи сифатида таъриф берилмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ироқда янги бош вазирдан ҳукуматни шакллантириш сўралгани ҳақидаги янгиликни мамлакатдаги сиёсий инқирозни ҳал этиш йўлида "умид уйғотувчи олдинга қўйилган қадам", дея олқишлаган Америка жумҳурраиси Барак Обама.

Жаноб Обама Ҳайдар Абадийни иложи борича тезроқ Ироқдаги барча миллий ва мазҳабий жамоалар вакилларидан таркиб топган ҳукумат тузишга чақирган, ана ўшанда Америка ва халқаро ҳамжамиятнинг Ироққа кўмагини ҳам тезлаштириш осонлашишини айтган.

Айни пайтда БМТ Ироқ шимолидаги яшаб турган жойларидан қочган бир неча минг инсоннинг аҳволидан хавотир билдириб чиқди.

10 кун олдин Синжар шаҳрини Исломий давлат гуруҳи босиб олганидан кейин тоғларга қочган язидий мазҳабига мансуб одамларнинг аҳволи ўта оғир қолмоқда.

Тикучарларда уларни хавфсиз жойларга етказишга, уларга озиқ-овқат, сув улоқтиришга ҳаракат қилинмоқда.

Бироқ юзлаб инсонлар ҳаётдан кўз юмгани хабарлари олинган.

Ёрдам тарқатиш ишларига АҚШ, Британия ва Франция ҳарбийлари қўшилганлар.

Бу мавзуда батафсилроқ