Россиянинг Украинага инсонпарварлик ёрдами атрофида шубҳалар

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Россия Украинага 300 юк автомобилида инсонпарварлик ёрдамини юборганини эълон қилган.

Бироқ бу Россиянинг Украина шарқида ўз ҳозирлигини сақлаб қолиш мақсадини кўзлаган ҳаракати бўлиши мумкин деган шубҳалар илгари сурилган.

12 август куни Подмосковьедан автомобиллар карвони йўлга тушган, Россия расмийларига кўра, автомобилларга Украина шарқидаги аҳолига мўлжалланган озиқ-овқат, дори-дармон, ичимлик суви, ухлаш қоплари ва электр станциялар юкланган.

Россия Президенти сўзчиси Дмитрий Песков айтишича, ушбу инсонпарварлик ёрдамини етказиш масаласи Украина расмийлари билан якшанба куни келишилган.

Бундан олдин Ғарб давлатлари Россияни инсонпарварлик ёрдами баҳонаси билан Украина шарқини босиб олмасликка чақирганлар.

11 август куни Президент Владимир Путин Россия Оврўпода Халқаро Қизил Ҳоч ташкилоти билан ҳамкорликда инсонпарварлик ёрдамини бошлагани ҳақида эълон қилган.

Бироқ 12 август куни Халқаро Қизил Хоч ташкилоти ушбу амалиётга бош қўшмаганини маълум қилган.

Боиси ҳали ўзаро келишиб олиниши зарур бўлган масалалар мавжудлиги ва барча томонлар инсонпарварлик ёрдамларини ўтказиш учун хавфсизлик кафолатини беришлари талаб қилинишини айтган халқаро ташкилот.

Хабар қилинишича, автомобиллар карвони икки кун ичида манзилига етиб бориши мўлжалланган.

"Карвон шарқий Украина яшовчиларига Москва шаҳри ва вилояти яшовчилари тўплаган 2000 тоннача инсонпарварлик юкларини етказади", деб айтган Москва вилояти расмийлари.

Бироқ карвон етиб борадиган ҳудуд борасида қарама-қарши хабарлар тарқалган.

Россия ва Украина расмийлари ўртасида воситачилик қилаётган собиқ Украина президенти Леонид Кучманинг Interfax-Ukraine ахборот агентлигига айтишича, карвон Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти вакиллари ҳамроҳлигида Луганск вилоятига боради.

Жаноб Кучмага кўра, инсонпарварлик ёрдамлари Украина ҳукумати назоратидаги Харков вилоятига етиб боради.

Бироқ Украина шарқидаги бўлгинчилар назорат қилаётган ҳудудларга чегарадош Россиянинг Ростов вилояти расмийлари карвон ўша ерга етиб келиши мўлжалланаётганини айтганлар.

Украина Хавфсизлик кенгаши воизи Андрий Лисенко айтишича, кўмаклар Халқаро Қизил Хоч ташкилоти ҳамроҳлигида Украина ҳукумати назоратидаги чегара постидан ўтиши керак.

Ёрдамлар қаерга ва кимларга тарқатилиши ҳали келишиб олиниши керак, деб айтган жаноб Лисенко.

Москва яқинидан инсонпарварлик карвони йўлга чиққани ҳақидаги хабарга муносабат билдираркан, Франция Ташқи ишлар вазири Лоран Фабиус, бу Россиянинг Украина шарқини босиб олиш мақсадидаги бўлиши мумкинлигини айтган.

"Биз жуда эҳтиёт бўлишимиз керак, чунки бу русларнинг Луганск ва Донецк атрофига жойлашиб олиш ва бизни факт рўпарасига қўйиб қўйиш амали бўлиши мумкин. Фақат Қизил Хоч тасдиқлаган бўлсагина, ва Украина билан келишилган бўлсагина, карвон бориши мумкин. Бу нарса бўлгани йўқ. Улар ўтишига рухсат бермасликлари лозим", деб айтган Франция Ташқи ишлар вазири Лоран Фабиус.

Шу йил мартида Украинанинг Луганск ва Донецк вилоятидаги бўлгинчилар Украинада ажралиб чиққанлари ва ўзларининг республикаларини эълон қилганлари ортидан бошланган қуролли низолар камида 1500 инсон умрига зомин бўлди.

Бир неча юз минг инсон яшаб турган жойларини ташлаб кетишга мажбур бўлдилар.

Уларнинг аксари Россия ҳудудидан паноҳ топганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ