Исломий Давлат жангчилари Сурияда бир неча шаҳарни ишғол қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption ИД Сурия ва Ироқда йирик ҳудудларни назорат қилмоқда

Суриядан келаётган хабарларга кўра, Исломий Давлат (ИД) жангчилари шимолий Ҳалаб вилоятида бир неча шаҳар устидан назорат ўрнатганлар.

Гуруҳ Ҳалабдан 50км шимоли-шарқда жойлашган Ахтарин шаҳарчасини ишғол қилган.

Би-би-си мухбири Рами Руҳайенинг айтишича, бу ИД жангчилари учун катта ютуқни англатади.

Гуруҳ Сурия ва Ироқда йирик ҳудудлар устидан назорат ўрнатган ва ўзини "Исломий Давлат" дея эълон қилган.

Британияда жойлашган Сурия Инсон Ҳуқуқлари Кузатув Гуруҳига кўра, ИД ўтган тунда Ахтарин ва Туркия чегарасига яқин яна бир шаҳар - Туркманбарени тўла эгаллаган.

Гуруҳ жангчилари шунингдек Президент Ассадга қарши жанг қилаётган гуруҳлар назоратидан яна қатор қишлоқларни ўз назоратига олган.

Мазкур қишлоқлар орасида Масудия, Дабиқ ва Ғоус бор, дейди Сурия Инсон Ҳуқуқларини Кузатув Гуруҳи.

Мухбирлар сўзларига кўра, шаҳар ва қишлоқларнинг босиб олиниши Ҳалаб шаҳридаги Суриялик исёнчиларнинг таъминотини қийинлаштиради.

Ҳалабдаги мухолифат гуруҳлари Президент Ассад қўшинларига қарши уч йилдан буён жанг қилиб келмоқдалар.

Аммо, сўнгги пайтларда улар шимолдан ИД ва жанубдан ҳукумат қўшинлари томонидан сиқувга олинмоқда.

Дипломатларга кўра, Сурия ҳукумати қўшинлари сўнгги пайтлардагина Исломий Давлатга қарши жанг қила бошлашди.

ИД 2013 йилдан буён Суриядаги бир неча ҳудудни назорат қилади. Ўтган ой ишғол этилган Раққа шаҳри ИД маркази ҳисобланади.

2011 йил март ойида бошланган Сурия можаросида ҳозирга қадар 170 мингдан зиёд инсон ҳалок бўлди.

Сурия аҳолисининг деярли учдан бири, яъни тўққиз миллионга яқин инсон ўз уйларини ташлаб чиқишга мажбур бўлди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ