АҚШ Ироққа ҳарбий маслаҳатчиларни юбормоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Ироқ шимолида ўн минглаб инсонлар Исломий Давлат жангчиларидан жон сақламоқда

Қўшма Штатлар Ироқ шимолидаги курд минтақасига яна 130 нафар ҳарбий маслаҳатчини юборди, деб айтади АҚШ Мудофаа вазири Чак Ҳейгл.

Мудофаа вазирлиги мулозимининг маълум қилишича, махсус амалиётлар бўйича маслаҳатчилар умумий вазиятни ўрганишади, бироқ ҳарбий амалиётларда иштирок этишмайди.

Қўшма Штатлар сўнгги кунларда Исломий Давлат (ИД) қуролли гуруҳига қарши ҳаво ҳужумларини уюштирмоқда.

ИД жангчиларини ўн минглаб ироқликларни ўз уйларини ташлаб қочишга мажбурлаганлар.

"Ҳарбийларни Ироққа юборишдан мақсад ҳарбий амалиёт ўтказиш эмас," - деб айтди жаноб Ҳейгл.

Унга кўра, ҳарбий маслаҳатчилар Ироқ шимолидаги Ирбил шаҳрига етиб боришган ва мамлакатдаги умумий вазиятни чуқур ўрганиб чиқишади.

Ҳозирга қадар Ироқда 250 нафар америкалик ҳарбий маслаҳатчи бор эди.

Америка Мудофаа вазирлиги мулозимининг айтишича, Оқ Уй "Синжардаги урушдан зарар кўрган ироқликларга" ёрдам бериш йўлларини аниқлашга ва ИД томонидан содир этилиши мумкин бўлган "қатлиом эҳтимоллари"ни бартараф этишга қаратилган текширувларини давом эттиради.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотига кўра, ўн минглаб ироқликлар, жумладан Язидийлар Синжар тоғларида ИД жангчиларидан жон сақлашмоқда ва уларга "зудлик билан ёрдам кўрсатилиши шарт".

АҚШ, Британия ва Франция Ироқ шимолидаги Синжар тоғларида жон сақлаётган Язидийларга инсонпарварлик ёрдамини кўрсатмоқда.

АҚШ ҳукуматининг айтишича, Америка учоқлари сешанба кунига қадар ерга 100 минг нафар инсонга етадиган озиқ-овқат ва 123 минг литрдан кўпроқ сув ташлаганлар.

Хабарларга кўра, Қўшма Штатлар шунингдек Ироқ шимолида ИДга қарши жанг қилаётган курд кучларини қурол-яроқ билан таъминлай бошлаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ