Медведевга хакерлар ҳужум қилишди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Twitter
Image caption Россия Бош вазири Твиттер ҳисоби эрталаб хакерлар ҳужумига учради

"Истеъфога кетаяпман. Ҳукуматим қилган ишлардан уятдаман. Узр".

Бу - Дмитрий Медведевнинг тасдиқланган Твиттер ҳисобида пайдо бўлган ва минглаб инсонларни ҳайратга солган рус тилида битилган сатрлар эди.

Унда Россия Бош вазири бундан буёғига сураткаш бўлиб ишлаш орзуси ҳақида ҳам ёзган.

Бироқ мазкур жумлалар пайдо бўлиши биланоқ Бош вазир матбуот хизмати уларнинг ҳақиқатдан узоқлигини айтиб, раддия берди.

"Бош вазир Медведевнинг Твиттердаги микроблогига ёриб киришган ва ундаги сўнгги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди" - деб билдирди матбуот хизмати.

Орадан ярим соат ўтар-ўтмас пайшанба куни эрталаб пайдо бўлган барча хабарлар ўчирилди.

Айфонсевар Медведев

Жаноб Медведевнинг айфон ишлатишга алоҳида ишқибозлиги ҳақида илгари ҳам айтилган. Фараз қилинишича, айнан унинг айфонидаги маълумотлар хакерлар қўлига тушган бўлиши мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Дмитрий Медведев айфонсеварлиги билан ҳам танилган

Тахминларга кўра, Дмитрий Медведевнинг ижтимоий тармоқдаги ҳисоб рақамига Аноним Байналмилал хакерлари ҳужум қилишган.

Медведевнинг Твиттер ҳисоби музлатилиши ортидан Аноним Байналмилал интернет фаоллари гуруҳи микроблогида Россия ҳукумати мажлиси акс этган суратлар пайдо бўлган.

"Бу суратлар тасодифан бизнинг қўлимизга тушди. Ҳойнаҳой, хакерлар ёриб кирган @MedvedevRussia номли шахсий айфондан олинган" - деб пастида изоҳ берилади.

Кейинроқ эса айни гуруҳи микрблогида "қандайдир Бош вазирнинг учта айфонида сақланган маълумотлар уларнинг тармоғига тасодифан тушиб қолгани" ҳақида ёзилди.

Ушбу гуруҳ Россия сиёсатдонлари ёзишмаларини бир неча бор эълон қилган.

Шунингдек, улар Украина шарқидаги россияпараст бўлгинчилар раҳбари Игорь Гиркиннинг хатларини ҳам топиб, ошкор қилишганди.

Матбуот хабарларига кўра, эндиликда Москвадаги амалдорлар ишга оид ёзишмаларни шахсий электрон почта орқали жўнатишлари тақиқланади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ