Муҳаммад Англия ва Уэльсда энг машҳур исмга айланибди

Саккиз хил кўринишда бўлган барчаси инобатга олинганда, ўтган йили саккиз мингдан ортиқ чақалоққа Муҳаммад, деб исм қўйилган.

Яъни, қанчалик оммабоплиги бобида расман энг урф бўлгани деб топилган Оливер ҳам Англия ва Уэльсда Муҳаммадга ета олмаган.

Аммо қизларнинг исмига келганда, бу йил Амелия қолган барчасини ортда қолдириб кетган.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, Муҳаммад - дунёдаги энг машҳур исмлардан бири ҳам саналади.

Агар, айрим ҳисоб-китобларга таянилса, исми Муҳаммад бўлганларнинг сони дунё бўйлаб 150 миллион кишига етади.

Мутахассислар бунинг сабабини мусулмон оилаларида тўнғич фарзандни Ислом дини пайғамбарининг исми билан аташга мойиллик кучли экани билан изоҳлашади.

Минг шоҳона бўлмайдими?

Британия Давлат Статистика идорасининг янги тадқиқоти Англия ва Уэльсда бу йил Ҳарри каби қироллар исмларининг урфдан қолганини ҳам кўрсатган.

Одмигина Оливер исми бу йил минг шоҳ ва шаҳзодаларники бўлмайдими, Ҳаррини ҳам, Уильямни ҳам, Жоржни ҳам ортда қолдириб кетибди.

Аммо, шунда ҳам, бу шоҳона исмлар қанчалик оммабоплиги бобида ҳалиям юқори ўнликда экан.

Ота-оналарининг оригиналликка интилишлари боис, бу йил Англия ва Уэльсда жуда антиқа исмларнинг сони ҳам кескин ортиб кетибди.

Айниқса, қизларига ном танлашда ота-оналари жуда "ижодкорлик"ка берилиб кетишаркан.

Дейлик, Скайлер ёки Ҳарперга ўхшаш ўзгача исмли қизалоқларнинг сони 35.000 тага етибди.

Ўтган 11 йил ичида антиқа номлар қўйилган болакайларнинг сони эса, 21.000 га ортибди.

Яъни, Пол, Рэйчел ва Саймонларнинг ўрнини, бугун Бентлей, Энжел ва Жуниорлар эгаллашибди.

Ўзбекистонда-чи?

Ўтган йили FactorName.ru веб сайти Ўзбекистонда чақалоқларга замонавий исмлар қўйиш урф бўлиб бораётгани ҳақида хабар берганди.

Сайт ёш йигитлар орасида энг оммабоп бўлган исмларни аниқлаш борасида тадқиқот олиб борган ташкилотларнинг хулосалари асосида бу каби тўхтамга келганлигини айтганди.

Агар, ана шу хабарга таянилса, Ўзбекистонда кўпчилик ота-она ўз ўғлига Сардор исмини қўйишни маъқул кўраркан.

Сайт келтирган маълумотларга кўра, янги туғилган ҳар қирқ чақалоқдан биттасига Сардор исми берилган.

Сардордан кейин ота-оналар орасида Бекзод, Достон, Шерзод, Бобур, Отабек, Алишер ва Рустам каби исмлар машҳур экан.

Хабар тафсилотларидан маълум бўлишича, фарзандларини Жасур, Нодир, Дилшод, Анвар, Жаҳонгир, Азиз, Ойбек, Жавоҳир ва Жамшид, деб аташни маъқул кўраётганлар ҳам оз эмас экан.

Аммо, айни ўринда шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда ҳам дунёнинг қолган аҳолиси мусулмон давлатлари каби Муҳаммад исми кенг тарқалган.

Ислом динида Аллоҳга сифат берилган номлар билан аталган ва аталаётган чақалоқлар ҳам кўп.

Аҳоли орасида эса, болага берилаётган исмнинг унинг қандай инсон бўлиб етишишига таъсир қилишига оид қараш кенг тарқалган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ