АҚШ:Полиция намойишчиларга қарши кўзни ёшлантирувчи газни қўллади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

АҚШ полицияси Фергюсон шаҳрида тун оша киритилган коммендантлик соатига итоат этмай намойишларга чиққан одамларга қарата кўзни ёшлантирувчи газлар ва тутун пуркагичларни отган.

Ст Луис вилоятидаги бу шаҳарда қуролсиз қора танли ўсмир полиция томонидан ўтган ҳафта ўлдирилиши намойишларга сабаб бўлмоқда.

Шанбадан якшанбага ўтар кечаси 150 нафарча намойишчилар тарқалишдан воз кечишди.

Полиция ўз машиналаридан бирига ўқ келиб теккани ортидан "тўғри жавоб" қайтарганини билдирди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Капитан Рон Жонсоннинг айтишича, отишма ортидан бир эркак киши оғир аҳволда касалхонага ётқизилган.

Маҳаллий вақт билан соат 03:00 гапирган Капитан Жонсон полиция амалиёти коммендантлик соати эмас, балки "Red The BBQ Man" ресторанида келиб чиққан зўравонлик жавобан олиб борилганини айтди.

Етти киши ҳибсга олинган. Полиция отишма тафсилотлари аниқ эмаслигини айтмоқда.

"Бир шахс йўлнинг ўртасида милтиқ билан турганди. Тунда полиция машинасига ўқ келиб тегди. Ҳа, зобитларнинг хавфсизлиги ва жамоатчилик хавфсизлигини таъминлаш учун тўғри жавоб қайтардик деб ўйлайман", - деди Капитан Жонсон.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Маҳаллий полиция ва намойишчилар ўртасидаги тўқнашувлар бир ҳафтадирки давом этмоқда.

18 ёшли Майкл Браун 9 август куни Фергюсон шаҳрининг кўчаларидан бирида отиб ўлдирилганди.

Тунда коммендантлик соатига итоат қилмаган намойишчиларни полиция ҳибсга олинишларини айтиб огоҳлантирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Полиция сўнгра тутун пурковчи канистрлар ва кўзни ёшлантирувчи газни ишга солганидан сўнг намойишчилар тарқала бошлаганлар.

Жума куни намойишчилар полиция билан тўқнашиши ортидан қатор маҳаллий дўконлар талон-тарож қилинган. Баъзи дўкон эгалари ўз бизнесларини қуроллар билан ҳимоя қилишмоқда.

Полиция Майкл Браун ўлдирилишидан аввал дўкондан бир қути сигара ўғирлагани ва дўкон эгасини қўрқитгани туширилган видеотасвирларни чоп қилган.

Your contact details
Disclaimer