Бўлгинчилар Украинанинг қирувчи учоғини уриб туширганлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Украина ҳукумати хабар қилишича, якшанбага ўтар кечаси мамлакат шарқидаги Луганск вилоятида қуролли исёнчилар Украинанинг МиГ-29 қирувчи учоғини уриб туширганлар.

Уриб туширилган учоқ ҳақидаги хабарни Би-би-сига Украина миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши матбуот воизи Андрей Лысенко тасдиқлади.

Мамлакат шарқидаги украин қўшинлари махсус амалиёти вакили Леонид Матюхин учувчи катапулт йўли билан омон қолганини айтди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

"Қидирув ва қутқарув ишлари ортидан учувчи хавфсиз жойга етказилди", - деди Матюхин жаноблари Украинанинг 5-канали билан суҳбатда.

Аввалроқ Россиянинг LifeNews интернет нашри исёнчилар қўмондонлигига таяниб хабар тарқатишича, украин қўшинлари Луганскни "Точка-У" русумли ракеталар билан бомбардимон қилган ва ракеталар қолдиқлари шаҳарда топилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Бу маълумот бошқа манбалардан тасдиқланмаган.

"Точка-У" ракетаси 120 чақиримлик масофага отилиши мумкин. У Совет Иттифоқида ишлаб чиқарилган ва 1989 йилда илк марта оғир қуроллар рўйхатига киритилган.