Исломий Давлатни енгиб бўладими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи reuters

Ироқдаги сиёсий бўҳрон қўл келиб Исломий Давлат аталмиш жангари гуруҳ мисли кўрилмаган ҳужумлар ва муваффақиятларга эришди.

Бу гуруҳ аллақачон Суриянинг анча ҳудудларида назорат ўрнатди ва Ироқ шимолига жиддий ҳамла қилди.

Ироқнинг иккинчи йирик шаҳрини босиб олар экан, Исломий Давлат ( ИД) халифат тузилганини эълон қилди.

Би-би-сига йирик тадқиқотчилар ўз қарашларини изҳор этишган.

Брайн Фишман, Янги Америка Жамғармаси:

'Ислом Давлати хавфи ҳали кўп йилларга чўзилади”

Исломий Давлат ҳаво ҳужумлари билан “зарарлантирилиши” мумкин.

Аммо фақатгина гуруҳнинг сунний иттифоқчилари уларга қарши чиқадиган бўлса мавҳ этилади.

Бунинг бошқа бир гарови ҳам Сурия ва ҳам Ироқда масъулиятли бир ҳокимият бунёд этилиши билан боғлиқдир.

Ироқ Бош вазири Нури Ал Маликийнинг қудратдан олиниши масала ҳалининг бир йўли, холос.

Яъни, Ироқда аҳолининг барча қатламлари ва гуруҳларида ўзида жо эта оладиган ҳукумат қурилиши жараёнидаги илк қадам.

Очиғини айтганда, мен Маликий жанобларининг “меросхўрлари” бу мақсадга эришишади ва ёки эришишни исташади деб тўла ишонч билан айтолмайман.

Аммо, айни мана шу мақсадга эришиш ғояси қабул қилиниши шарт.

ИД учун уруш манфаатлидир.

Исломий Давлат қўрқув уруғларини экар экан, унга қарама-қарши равишда барқарорликни тиклаш стратегияси мустаҳкамланиши зарур.

Иордания каби давлатлар дастакланмоғи лозим.

Курдларга ўзларини ҳимоя этиш учун ёрдам бериш керак.

Исломий Давлатга қарши бўлган сунний мазҳабидаги гуруҳларга мадад берилиши шарт.

Шунингдек, шиалар бошчилигидаги Ироқ ҳукуматини қўллаб-қувватлаш ва Эрон дастаклаётган экстремистларни рағбатлантирмаслик муҳим.

Бу мушкул мақсадлардир, шунда ҳам яқин орада Исломий Давлатни мағлуб қилишни кутмаслик керак.

Муҳаммад Али Шабаний, Эрон масалаларида сиёсатшунос:

'Эрон ва АҚШ умумий мақсадга эга”

Исломий Давлатни мавҳ этиш йўлида уч мақсадга эришиш керак.

Давлат институтлари, жумладан армияни мустаҳкамлаш лозим.

ИДнинг ҳаракат доирасини чеклаб қўйиш мақсадга мувофиқ бўларди.

ИДнинг маҳаллий ва минтақавий дастакловчиларини оғдириш йўлини топиш керак.

Эрон ва АҚШ кўплаб масалаларда ўзаро қарши қарашларга эга, аммо ИДга доир мавқеида якдиллик бор.

Эрон Ироқ ва Сурия ҳукуматлари орасида ҳарбий ҳамда жосуслик йўлида ҳамкорликка замин яратиши мумкин.

Чунки агар ИД фақатгина Ироқда қаршиликка учраса, унда гуруҳ осонлик билан Сурияга чекиниши ва бошқа бир маҳал яна қайтиши мумкин.

Теҳрон, шунингдек, шия жангари гуруҳлари “издан чиқиб кетиши” ва ИД каби хатарга айланиши эҳтимолининг олдини олади.

Жейн Киннинмонг, Chatham House

'ИДга қаршилик кўрсатиш учун минтақавий ҳамкорлик зарур”

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ироқдаги сўнгги сиёсий ўзгаришлар Американинг ИДга қарши ҳаво ҳужумларидан кўра муҳимроқдир.

Ҳайдар Абадий ҳозир “асал ойи”ни яшамоқда.

Чунки бу паллада у фақат Нури Ал Маликий бўлмагани учун ҳам олқишлар остидадир.

Жаноб Абадий бир-бирига рақиб бўлган шиа, сунний ва курд гуруҳлари ўртасида ИДга қарши сиёсий муросага эришиши керак бўлади.

2007 – 2008 йилларда Исломий Давлатнинг “акалари” бўлмиш Ал Қоидани Ироқда мавҳ қилганлар асосан сунний жангари гуруҳлар эди.

Шунга қарамай, Маликийнинг ҳукумати асосан суннийларни террорчилар қаторига қўшган ва нишонга олган эди.

ИДнинг тоқатсиз сиёсатига тоқат қиладиганлар оз, аммо Бағдоддаги ҳукумат ҳам аҳолининг, таъбир жоиз бўлса нафрати марказидадир.

Ҳукумат тинч аҳоли яшайдиган минтақаларни бомбалаши билан халқ ишончини қозона олмайди.

Бошқа томондан, Эрон асосан тинч сунний норозилигини қонли бостираётган Башар Ал Ассадни қўллаб-қувватламоқда ва бу ҳолат ҳам Ироқ суннийлари орасида хуш қаршиланмайди.

ИДга қаршилик стратегиясида минтақавий ҳамкорлик муҳим ўрин тутади.

Суриядаги зиддият ҳам ечилиши керак.

Айнан шу ерда ИДнинг жангарилари радикаллашмоқда.

Айни пайтда ИДнинг ўзаро рақиб бўлган Эрон ва Саудия Арабистонини бирдай лаънатлаши назарда тутилса, балки бу икки давлат ҳам Сурияга тинчлик келтириш ишида ҳамкорлик қилиб ва ҳам Абадий жанобларини кўпроқ дастаклай бошлар?

Бу мавзуда батафсилроқ