АҚШ қўшинлари Мосул тўғонини олишда курдларга ёрдам берди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Президент Обаманинг айтишича, АҚШ ўз манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Ироқ қўшинларига ҳаводан ҳужумлар билан ёрдам бермоқда.

Америка Ироқнинг курд қўшинларига мамлакатдаги энг йирик Мосул тўғонидан Исломий Давлат (ИД) жиҳодчиларини сиқиб чиқаришда қирувчи учоқлардан ҳужумлар билан ёрдам берди.

Обаманинг Конгрессга айтишича, Мосул тўғонини жиҳодчилар қўлида қолдириш Ироқдаги АҚШ ходимлари ва иншоотлари, жумладан Бағдоддаги АҚШ элчихонасини хавф остига қўйиши мумкин эди.

Курд расмийлари ҳозирда тўғонни деярли бутунлай эгаллаб олишганларини айтишмоқда.

Жиҳодчилар 7 августда босиб олган бу стратегик жиҳатдан муҳим иншоот Ироқ шимолини сув ва электр қуввати билан таъминлайди.

ИД жангчилари тўғонга шикаст етказиб, Мосул ва ҳатто Бағдодни сув тошқини остида қолдиришлари борасида хавотирлар пайдо бўлганди.

АҚШ армияси якшанба куни ҳаводан 14та ҳужумни амалга оширгани ва ИД жангариларига тегишли 19та машинага шикаст етказганини билдирди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Курд расмийларига кўра, курдларнинг Пешмерга қўшинлари тўғон атрофини жангчилар ўрнатиб кетган миналардан тозалашга уринишмоқда.

ИД жангарилари Суриянинг Раққа вилоятида ҳам Сурия армиясининг ҳаво ҳужумларига учраганлар.

Тўғондаги амалиёт манзарасида ИД жангарилари одамларни бошларидан жудо қилаётганлари ҳақида хабарлар олинган.

Кавжу қишлоғида язидий диний озчилигининг камида 80 аъзоси Исломни қабул қилишдан бош тортганлари учун бошларини таналаридан жудо қилингани ишонилади.

Айни қишлоқдаги аёллар ва болалар ўғирлаб кетилгани айтилади.

ИД, шунингдек, уларга Суриянинг Дайр Эззор вилоятида қаршилик кўрсатган 700 эркакни бир ҳафта давомида ўлдирганликда айбланади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer