Украина: Донецк ва Луганскда жанглар кетмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Шарқий Украинанинг Донецк ва Луганск шаҳарларида жанглар кетмоқда

Шарқий Украинанинг исёнкорлар назорати остидаги минтақада оғир жанглар давом этмоқда. Луганск шаҳри кўчаларида ҳам туқнашувлар юз бермоқда.

Украин расмийларининг билдиришича ҳукумат кучлари шаҳарнинг бир районини қўлга киритишган.

Ғалаёнчилар назорати остидаги яна бир шаҳар Донецкда ҳам отишма рўй бергани ҳақида хабарлар келмоқда.

Россиянинг билдиришича Президент Владимир Путин Украин ҳамкасби Петро Порошенко билан кейинги ҳафта учрашиши керак.

Украина Россияни исёнчиларни дастаклашда ҳамда шарқий Украинага ўз аскарларини юборишда айблаб келмоқда, бироқ Россия бу иддаоларни рад этмоқда.

Кўчама-кўча

Украин Ички ишлар вазирлигининг билдиришича ҳукумат қўшинлари Луганск шаҳрини кўчама-кўча назорат остига олишга уринишмоқда.

Айни пайт, уларнинг сўзларига кўра, Россиянинг БТРлари карвони исёнкорларга ёрдам бериш учун шаҳарга кириб келган.

Россия бу хабарларни рад этишда давом этмоқда ва чегара узра қурол етказмаётганини иддао қилмоқда.

Кейинги кунларда ғалаёнчилар бу минтақада бир неча шаҳарча ва қишлоқни қўлдан бой беришган.

Телевидение каналлари тўхтатилган

Украин Ички ишлар вазирлиги ходими Антон Герашченконинг айтишича Россиянинг 14 телевизион канали мамлакат тарафидан таъқиқланган.

Россиянинг Россия бугун, Лайф Ньюс ва бошқа каналлари Герашченко сўзларига кўра "уруш ва зўравонлик тарғиботини амалга оширган".

Замбарак ўқлари Донецк шаҳри марказини нишонга олар экан, маҳаллий аҳоли ўз уйларини тарк этиб шаҳардан қочишга мажбур бўлган.

Дипломатик уринишлар

Жанглар тобора қалтис тус олиши билан дипломатик уринишлар ҳам кучаймоқда.

Олмония канцлери Ангела Меркелнинг шанба куни Украин расмийлари билан Киевда учрашиши кутилмоқда.

26 август куни эса Россия ва Украина Президентлари Белоруссияда учрашишга шайланган. Бу учрашувда Оврўпо Иттифоқининг Ташқи ишлар раҳбари Катрин Аштон ҳам қатнашмоқчи.

Шарқий Украина инқирозининг инсоний баҳоси

Апрелдан бери камида 2,119 инсон ҳалок бўлган, булардан камида 20 таси болалардир 5,043 киши яраланган Кунига ўрта ҳисобда 60 киши нобуд бўлмоқда 155,800 инсон уйларини тарк этишган 188,000 инсон Россияга қочган 22,000 киши Донецк ва Луганскни охирги 5 кун ичида тарк этишган

Манба: БМТнинг Инсоний ишларни мувофиқлаштириш идораси

Би-би-си мухбири Девид Стерн Шарқий Украинадан