Бомиён ғорларида 'унутилган одамлар'

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Чорва молларидан тортиб, сунъий йўлдош антенналаргача: одамлар ғорларни ҳам яшашга мослаштириб олишган

Афғонистоннинг Бомиён вилоятидаги қоятошлар тарихи 6 асрга бориб тақалувчи Будда ҳайкаллари билан машҳур эди. Аммо, тошга ўйиб ишланган ҳайкаллар 2001 йил Толибон тарафидан портлатиб юборилган.

Буддаларни яратган роҳиблар Бомиён водийсида қатор ғорлар ҳам ўйишганди.

Бошида ибодат учун қўлланилган бу ғорлар бугун борар ери йўқ, рисоладагидек уй-жойга қурби етмайдиган 700га яқин афғон оиласи учун бошпана вазифасини ўтайди.

Рамазон ва унинг рафиқаси Заҳро бу ерда 8 йилдан бери умргузаронлик қилишади.

Уларнинг ўғли ва икки қизи мана шу ғорда туғилишган. Аксар маҳаллий болалар каби улар ҳам мактабдан бебаҳра ўсишмоқда.

"Бу ерда яшар экансиз, зиёли инсон бўлиб етишишингизга умид йўқ", дейди Рамазон.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Рамазоннинг оиласи рисоладагидек уйда яшашга қурби етмайди

Яқин-атрофда мактаб йўқ ва давомий қашшоқлик кўплаб оилалар фарзандларидан ишлаб пул топишни талаб қилади.

Рамазон бошқа бирон жойда яхшироқ ҳаёт кечиришни истайди. У бир гал кўчиб ҳам кўрган, бироқ ижара ҳаққини тўлашга қўли калталик қилиб, яна мажбур ортга қайтган.

Толибондан қолган меърос

Бомиён ғорларида яшаётганлар 1990 йилларда Толибон бостириб келган вақти уйларидан ажралиб қолган оилалардир.

Қаттиққўл суннийлардан иборат ҳаракат аксар шиа ҳазоралар яшовчи ҳудуддаги турар-жойларни ёқиб юборганди.

Ўша пайтда уйларини ташлаб қочган одамлар охир-оқибат ортга қайташаркан, бош уриб борар ерлари қолмаганига гувоҳ бўлганлар.

47 ёшли Ҳалиманинг ҳаёти эри толиблар тарафидан ўлдирилиши ортидан бутунлай ўзгариб кетганди.

У бир "хоналик" ғорда ўғли, келини ва 3 набираси билан бирга яшайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Ҳалима бир "хоналик" ғорда ўғли, келини ва 3 набираси билан бирга яшайди

Зўр-базўр сувалган деворларда оилавий фотосуратлар ёпиштирилган, тош ерга эса, гилам ташланган.

"Бу ерда ҳаёт ҳеч қачон осон бўлмаган", дейди у.

Ҳалима ва унинг келини - оиланинг ягона боқувчилари. Улар ҳаминқадар пул эвазига матоларга безак тикишади.

'Унутилганлар'

Бир эшак ва 3-4та товуқ оиланинг энг қимматбаҳо мулки ҳисобланади.

Бир неча йил олдин маҳаллий ҳокимият ғор яшовчиларига бир парчадан ер бериб, кўчиришга ҳаракат қилганди. Аммо, ташаббус муваффақиятли якун топмади.

Маҳаллий одамлар берилган ер чекка, оқар сув бормайдиган минтақадан эканини айтишади. Қолаверса, уй тиклаш учун ҳеч кимда пул ҳам йўқ.

Ғорларда қолаётган оилалар ўзларини унутилган одамлар санашади.

Улар сўнгги 10 йил асносида ҳукуматдан бирон садо эшитмаганларини айтишади.

Маҳаллий ҳокимият учун эса, вазият бошоғриқдан ўзга нарса эмас.

Ғорлар қанчалар узоқ банд этилса, тарихий ҳудудга шунча зиён етади. Оилалар ғор оғзига эшик-дераза қурадилар. "Уй"ларини вақтинчага бўлса-да, узайтиришга уринадилар. Сунъий йўлдош антенналари ва қуёшдан қувват олувчи ускуналар ўрнатадилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Сунъий йўлдош антенналари ва қуёшдан қувват олувчи ускуналар

"Ғорлар бизнинг тарихий меъросимиз", дейди Бомиён ҳокими Ғулом Али Ваҳдат. "Уларни бўшатиш лозим, авайлаб-асраш ва сайёҳлар келишлари учун очиб қўйиш керак", дея қўшимча қилади у.

Жаноб Ваҳдат Кобулдаги марказий ҳукумат ғорда умргузаронлик қилаётган оилалар учун янги уй-жой топиш режаси билан келиб, уларга ёрдам қўлини узатишига умид қилади.

Йўқотилган меърос

Аммо, ғордаги одамлар Бомиён тарихий ҳудудидаги ягона муаммо эмас.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Толибон Будда ҳайкалларни портлатиб юборган пайт уларга шикаст етган ва деворларда йирик ёриқлар пайдо бўлган

Рамазон ва Ҳалиманинг "уйи"дан 5 дақиқа юрсангиз, аввал Будда ҳайкаллари жойлаштирилган улкан девор ўйиқларига кўзингиз тушади.

Толибон уларни портлатиб юборган пайт уларга шикаст етган ва деворларда йирик ёриқлар пайдо бўлган. Бу эса, қоя қисман қулаб тушиши мумкинлиги юзасидан хавотирларни ҳам уйғотган.

"Биз бир пайтлар кичикроқ Будда турган ўйиқни тикладик ва энди улкан Будданинг ўрни устида ишлаяпмиз", дейди ЮНЕСКО лойиҳасининг Кобулдаги раҳбари Сара Ношади. "Ишни охирига еткахиш учун 2 йил керак бўлади", дея қўшимча қилади у.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption 1997 йил, портлатишидан олдинги 2000 йиллик тарихга эга Будда ҳайкали

Афғонистоннинг ЮНЕСКОдаги элчиси Қосим Фозилийнинг Би-би-сига айтишича, ҳайкаллар қолдиқларини сақлаб қолиш ҳозир кун тартибидаги энг муҳим масаладир.

"Улкан Буддани қайта қуриш имконсиз. Аммо, кичикроқ Будданинг баъзи бўлаклари ҳамон бутун ва улар қайта тикланиши мумкин", дейди у.

Келаётган ойлар ғор яшовчилари ва ниҳоят, маҳаллий ҳокимият билан юзма-юз келишадиган кўринади.

Бомиён Жанубий Осиёнинг 2015 йилги пойтахти этиб танланган.

Афғонлар шу баҳона Бомиён ўзининг 1960-79 йиллардаги маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун муҳим зиёратгоҳ мақомини қайта тиклаб олишига умид қиладилар.

Кўплаб бомиёнликларга кўра эса, ҳукумат алал-оқибат ғордаги одамлар ҳаёт кечиришлари учун бошқа бир топиб берса ажабмас.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ