ИД америкалик журналистнинг бошини танасидан жудо қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Исломий Давлат қуролли гуруҳи АҚШлик журналистни қатл этиш саҳнаси тасвирга туширилган видеони чиқарган.

Америкалик журналист Жеймс Фолей 2012 йилда ғойиб бўлганди.

Жангарилар қатл Американинг Ироқдаги Исломий Давлат гуруҳига қарши ўтказган ҳаво ҳужумларига жавоб эканини айтганлар.

Фолейнинг онаси Диана Фейсбук орқали ўғли билан фахрланишини маълум қилган: "У ўз жонини Сурия халқи изтиробларига дунё эътиборини қаратиш учун қурбон берди."

Оқ Уйнинг айтишича, агар видео ҳаққоний бўлса, АҚШ "ларзага келади".

Америкада нашр этилувчи Global Post ва Франциянинг Эй-эф-пи ахборот агентлиги дохил яна қатор нашрияларда ишлаган Жеймс Фолей Яқин Шарқни кенг ёритарди.

'Иккинчи маҳбус'

Image caption Исломий Давлат (собиқ Ироқ ва Шом Исломий Давлати) Ироқ ва Сурияда йирик ҳудудларни назорат этади.

"Америкага хабар" деб номланган видеода кимсасиз саҳрода Жэймс Фолей экани ишонилган шахс норинж рангли коржомада тиз чўккан ҳолда ва унинг ёнида қора либосли қуролли шахс тик турган ҳолда тасвирланган.

Инглизчани британ шевасида гапирган ва ўзини Исломий Давлат гуруҳининг аъзоси дея таништирган қуролли шахс журналист қатл этилиши АҚШнинг Ироқдаги Исломий Давлатни бомбалашига тўғридан-тўғри жавоб эканини айтган.

Видео охирида Америкалик журналист Стивен Сотлоф дея таништирилган яна бир маҳбус намойиш этилган ва "унинг тақдири Президент Обаманинг навбатдаги қадамига боғлиқ", деган ёзув пайдо бўлган.

Жаноб Сотлов бир йил муқаддам Сурия шимолида ўғирлаб кетилганди.

Global Post интернет нашрияси баёнот тарқатиб, "Жим ва унинг оиласи ҳаққига дуо" этишни сўраган ва видеонинг ҳаққонийлигини ўрганаётганини айтган.

Британия Ташқи ишлар вазири Филип Ҳаммонд маҳбус бошининг танасидан жудо қилиниши "ушбу ташкилотнинг нақадар шафқатсиз эканига даҳшатли мисол", - деб айтган.

Филип Ҳаммонднинг эътироф этишича, видео тасвирдаги жангари британиялик бўлиши мумкин.

Америкалик расмийлар видеони томоша қилганликларини ва ҳозирда унинг ҳаққонийлигини аниқлашга уринаётганларини айтганлар.

Президент Обама ҳам хабардор этилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02