Саудия Бош муфтийси: 'Исломий Давлат Исломнинг биринчи душмани'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Шайх Абдул Азиз ал-Шайх ҳазратларига кўра, "Исломий Давлат" ва "Ал-Қоида"нинг қўлидан асосан мусулмонлар жабр чекиб келишган.

Ўз ўрнида, Саудия Бош муфтийсининг таъкидлашича, мусулмонларни бўлиш шаккокликдан кейинги энг оғир гуноҳдир.

Шайх ҳазратлари бу ҳақда пойтахт Риёдда эълон қилган расмий баёнотида билдирган.

У худди шу изоҳи остида Ироқдаги "Исломий Давлат" жиҳодий гуруҳи ва Саудия Арабистонининг ўзида асос солинган "Ал-Қоида" тармоғини Ислом динининг биринчи рақамли душмани, деб эълон қилган.

Саудия Арабистони Бош муфтийси ўзининг расмий баёнотида Исломда террорчиликка ўрин йўқлигини ҳам айтган.

Шайх ҳазратларига кўра, экстремистлар одамларнинг орасига рахна солиш учун қилган қилмишларини Исломнинг номи билан оқлашга ҳаракат қилишади ва улар туғдираётган хавф ҳам худди шу нарса билан боғлиқ.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

"Бу каби хорижий гуруҳларнинг Исломга ҳеч бир алоқаси йўқ ва мусулмонлар уларга эргашишмайди", - деб баён қилган Саудия Арабистони Бош муфтийси.

Саудия фуқароларининг ўзларига эса, ўзга давлатларда жанг қилиш расман тақиқлаб қўйилган.

Подшоҳ Абдуллоҳ ўз уламоларини исломий экстремистик гуруҳларни ошкора танқид қилишга ҳам ундаб келади.

Подшоҳликда вазият шу даражага бориб етганки, жума намозидан кейинги ваъзларида террорчиликни қораламаган уламолар жазоланади:

Хабарларга кўра, улардан масжидларда имомлик қилиш рухсатномаси олиб қўйилади.

Агар, маҳаллий ахборот воситаларидаги хабарларга таянилса, мамлакат Ички ишлар вазирлиги уламонинг имомлик қилишидан аввал, уларни махсус текширувдан ўтказиши ҳам мумкин.

Айрим хабарларга кўра, айнан ваъзларининг мазмуни сабаб, 2003 йилдан буён 3.500 га яқин уламо вазифасидан четлатилган.

Исломий Жиҳод гуруҳи Ироқ ва Сурияда илдамлаб бораркан, уларнинг ютуғи Саудия Арабистонига ўхшаш қўшни давлатларни жиддий хавотирга солмай қўймаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

"Ал-Қоида" тармоғи эса, подшоҳликни ағдариш мақсадида ўн йил бурун Саудия Арабистонида кўплаб ҳужумларга қўл урганди.

Аммо жангарилар мамлакат хавфсизлик кучларининг кескин қаршилигига дуч келишган ва аксарияти подшоҳликни тарк этишга мажбур бўлишганди.

Айни шу жангарилар ҳозир Саудияга қўшни Яманда тармоқнинг энг фаол бўғинини шакллантиришга муваффақ бўлишган.

Ўтган икки кун ичида пойтахт Риёд маҳкамаси ўша ҳужумлар билан алоқадорликда айбдор, деб топиб, 31 кишини ҳукм ҳам этди.

Айбланувчиларнинг қай бир давлат фуқаролари эканликлари ҳануз маълум эмас.

Маҳкама улардан уч нафарига ўлим, қолганларига эса, узоқ муддатли қамоқ жазолари берган.

Аммо, хабарларга кўра, маҳкумлар ҳали маҳкама ҳукми юзасидан шикоят аризаси билан чиқишлари мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

___

Бу мавзуда батафсилроқ