Исроил Ғазода ҳарбий амалиётларни давом эттиришга ваъда берди

Исроил ҳужуми ортидан Ҳамас қўмондонларидан бирининг аёли ва боласи ўлдирилган
Image caption Исроил ҳужуми ортидан Ҳамас қўмондонларидан бирининг аёли ва боласи ўлдирилган

Исроил Бош вазири Беньямин Нетаньяху Ғазо бўлгасида ҳарбий амалиётлар давом эттирилишини билдирди. Бир неча кунлик оташкесимдан сўнг икки ўртадаги жанглар яна фаоллашган.

Исроил ҳарбийларининг маълум қилишича, чоршанба куни Ғазо бўлгасидан отилган 137 ракетага қарши ҳаводан 92 марта зарба берилган.

Ҳамас гуруҳи сешанба кунги Исроил томонидан бомбалашларда қўмондонларидан бири Муҳаммад Деифнинг аёли ва боласи ҳалок бўлганини айтди.

Ҳарбий амалиётлар сешанба куни қайта фаоллашган. Икки томон ҳам Қоҳирадаги тинлик музокараларининг мувафаққиятли кечмаганига бир бирини айблади.

Олти ҳафтадан бери давом этаётган тўқнашувда 2103 одамнинг ёстиғи қуриган. Ҳалок бўлганларнинг аксарияти фаластинликлардир.

Миср музокаралар давомида 10 кунлик оташкесимнинг адоғига етаётганидан “чуқур таассуф” билдирган. Сулҳнинг бардавом бўлишига эришиш учун ҳаракат қилишини таъкидлаган.

“Биз тўхтамаймиз”

Телевидение орқали чиқиш қилган Исроил Бош вазири Нетаньяху “Ҳарбий амалиётларни барча воситалар билан ва эҳтиёж бўлгунича давом эттиришга қарор берганини” маълум қилган.

У Фаластиннинг Ҳамас гуруҳини Ислом Давлати мужоҳид гуруҳи билан тенглаштирган, уларни “бир дарахтнинг шоҳлари” дея атаган.

Ҳамас воизи Фавзи Барҳум жаноб Нетаняхунинг чиқишини “мағлубиятни оқлаш ва мувафаққиятсизликни яширишга уриниш” дея баҳолаган.

“Исроилга учманглар”

Ҳамас гуруҳи халқаро авиа ширкатларни Исроил ҳудудидан учмаслик ҳақида огоҳлантирди.

“Биз халқаро авиа ширкатларни Бен-Гурион аэропортига йўналган барча қатновларни бекор қилиш ҳақида огоҳлантирамиз. Улар ушбу ҳудудга бўладиган ҳамма парвозларни 21 август соат 6:00 дан бошлаб бекор қилиши керак”, - деди Ҳамаснинг “Иззаддин Қасам бригадаси” ҳарбий қаноти раҳбари Абу Убайда.

У яна Исроилнинг Ғазо бўлгаси билан чегарадош жанубий ҳудудларида яшовчи аҳолини ракета ҳужумларидан сўнг уйларига қайтиб келишга ҳаракат қилмасликни тавсия қилди.

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ