АҚШ 'Ҳаққоний' лидерлари учун янада каттароқ пул ваъда қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи FBI

Янги ваъда билан яна АҚШ Давлат департаменти чиққан.

"Ҳаққоний" жангари тармоғи Покистонда жойлашган.

АҚШ гуруҳни ўзининг "ашаддий душмани", деб билади.

Ўз ўрнида, АҚШ тармоқни Афғонистонда сўнгги йилларда уюштирилган энг қонли ҳужумларга масъул, деб кўради.

АҚШ Давлат департаментининг янги ваъдаси уларнинг тўрт нафар раҳбарини кўзда тутади.

Департаментнинг баён қилишича, уларни топиб берган киши буларнинг ҳар бири учун беш миллион АҚШ доллари миқдорида мукофот пули олади.

Сўз эса, Азиз, Халил ур-Раҳмон, Яхё Ҳаққоний ва Абдул Рауф Зокирлар ҳақида бормоқда.

Худди шу манзарада АҚШ томони Сирожиддин Ҳаққоний бошига тиккан мукофот пулини ҳам икки баробарига оширган.

Сирожиддин Ҳаққоний тармоқнинг энг машҳур ва етакчи лидерларидан бири саналади.

Хабарларга кўра, уни топиб берган кишига энди 10 миллион АҚШ доллари берилади.

"Ҳаққоний" жангари гуруҳи ҳозир ҳам Покистон ва ҳам Афғонистонда фаол бўлган Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг яқин иттифоқчиларидан саналади.

Тармоқ, ўз ўрнида, Афғонистон Толибон ҳаракати ва "Ал-Қоида" билан ҳам яхши алоқаларга эга.

Ўзининг ашаддий жангарилиги билан танилган гуруҳ минтақадаги худкушлик ҳужумларининг ҳам устабошиси саналади.

'Ҳамма хавотирда'ми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

2012 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Афғонистон-Толибон бўйича қўмитаси "Ҳаққоний" тармоғини ўзининг "қора рўйхати"га киритган.

АҚШ Давлат департаменти - қаердалигини топиб берган киши учун 5 миллион доллар ваъда қилинган - Абдул Рауф Зокирнинг номини ҳам ўз рўйхатига тиркаган.

Халқаро ташкилот Абдул Рауф Зокирнинг Афғонистонда уюштирилган кўплаб худкушлик ҳужумлари ортида турганига ишонади.

Бирлашган Миллатлар уларни ўз "қора рўйхати"га қўшиш билан саёҳат қилишларини чеклаб қўйган.

Қурол-яроғ сотиб олишларини тақиқлаган ва банк ҳисобларини ҳам музлатиб қўйганди.

Америка Қўшма Штатларининг ўзи эса, худди ўша йили тармоқни ўзининг "террорчи ташкилотлар" рўйхатига киритган.

Америка томони кексайиб қолган Жалолиддин Ҳаққоний бошчилик қилувчи ва узоқ йиллар Покистон, Саудия Арабистони Жосуслик Хизматлари, "Ал-Қоида" тармоғи раҳбари Усама бин Лодин билан ҳамкорлик қилиб келган "Ҳаққоний" тармоғини Афғонистондаги энг жангари исёнчи гуруҳлардан бири сифатида кўради.

Агар, яқинда "Нью Йорк Таймс" газетасида берилган баҳога қаралса, "Ҳаққонийлар жангариликдан ташқари, одам ўғирлаш, таъмагирлик ва гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний контрабандаси билан шуғулланувчи бутунбошли империяни барпо этган шафқатсиз билан оиладир".

Тармоққа қарши жанг

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Гарчи расмий маълумотларга қаралса, халқаро иттифоқ кучлари сўнгги йилларда афғон томони билан ҳамкорликда Афғонистон шарқида "Ҳаққоний" тармоғига қарши юзлаб ҳарбий амалиётлар уюштиришган.

Бу амалиётлар натижасида тармоқнинг ўнлаб етакчилари ўлдирилгани ва яна юзлаб аъзолари ҳибсга олингани хабар қилинади.

"Ҳаққоний" тармоғи Толибон билан бир сафда Афғонистонда жанг олиб бораётган учта йирик исёнкор гуруҳдан бири, аммо энг хатарлиси саналади.

Гуруҳнинг Афғонистонга худкушлик ҳужумларини олиб киргани ва қатор шов-шувли ҳужумлар ортида тургани ишонилади.

Яқинда тармоқ раҳбарларидан Сирожиддин Ҳаққоний эндиликда Покистонда бошпана топишларига ҳожат қолмагани, Афғонистонда бемалол фаолият олиб боришаётганини баён қилганди.

Покистон расмийлари "Ҳаққоний" тармоғи Афғонистонда ташкил топган гуруҳ, дейишади.

Бироқ вазиятни яхши биладиган журналистларга кўра, ташкилотнинг Покистонда чуқур илдизлари бор.

Бу эса, кўп йиллар давомида бу тармоқнинг Покистон Жосуслик хизматлари билан алоқаси мавжуд, деган гап-сўзлар тарқалишига олиб келган.

Аммо бу айбловларни расмий Исломобод буткул рад этади.

"Ҳаққоний" тармоғига қирқ йилча бурун, Афғонистоннинг собиқ Шўролар Иттифоқи томонидан ишғоли пайтида асос солингани айтилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ