Ғазода "Ҳамас"нинг уч қўмондони ўлдирилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Исроилнинг Ғазодаги уйлардан бирини нишонга олиши натижасида "Ҳамас" гуруҳининг уч юқори лавозимли қўмондони ҳалок этилган.

Хабарларга кўра, Муҳаммад Абу Шамала, Муҳаммад Баҳрум ва Раид ал-Аттар Рафаҳ шаҳри яқинидаги ҳужумда ўлдирилганлар.

Би-би-си мухбирининг хабар беришича, ҳалок этилган қўмондонлар 2006 йили исроиллик аскар Гилад Шалидни олиб қочиш, шунингдек, Ғазода ер ости йўллари тизимини барпо этиш ва ноқонунуий равишда қурол-яроғларни олиб келиш амалиётларида муҳим ўрин тутганлар.

Ал-Аттар 2011 йили Гилад Шалид озод этилган вақти уни машинадан олиб чиқиб Миср расмийлари қўлига топшираётган вақти тасвирга туширилган.

Муҳаммад Абу Шамала эса Исроил аскарини ўғирлаш режасини тузиш учун масъул бўлган шахс сифатида кўрилади.

Икки ўртада ҳужумлар сешанба куни Қоҳирадаги музокаралар тўхтаб қолганидан сўнг қайта бошланиб кетганди.

Ўша кунининг ўзида ҳарбий қўмондон Муҳаммад Деифнинг рафиқаси ва фарзанди ўлдирилганди.

Айтилишича, Деифнинг ўзи ҳужумдан омон қолган.

Олти ҳафтадан бери давом этаётган ҳужуму тўқнашувлар оқибатида шу вақтгача 2103 киши ҳалок бўлган. Улардан 67 киши исроилликдир.

Ҳалок бўлган фаластинликлар орасида тинч аҳоли вакиллари аксариятини ташкил қилади.

Исроил ҳарбийларининг айтишларича, ўтган кеча Ғазодаги 20 дан ортиқ нишонга ҳужум уюштирилган.

Уларга кўра, Қоҳирадаги музокаралар тўхтаб қолганидан бери фаластинликлар томонидан 213 ракета отилган.

AFP агентлиги берган тасдиқланмаган хабарларга кўра, ўтган кечадаги ҳужумлар оқибатида камида яна 6 фаластинлик, жумладан 4 ёш бола ҳам ўлдирилган.

"Ҳамас" Исроил билан узоқ муддатли тинчликка эришиш музокарларидан бош тортганлигини тасдиқлаган.

Музокарларда "Ҳамас" Ғазо қамалини бекор қилиш, денгиз ва ҳаво йўлларини очишни талаб қилмоқда эди.

Исроил эса ўз навбатида "Ҳамас" ва бошқа фаластинлик гуруҳларнинг қуролсизланишини талаб қилмоқда.

БМТ икки ўртада қайта бошланган зўравонликлардан "чуқур таасуфда" эканлигини билдирган.