Америка: "Исломий Давлатга қарши кураш узоқ давом этади"

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption АҚШ Мудофаа вазирлиги раҳбарларига кўра, Исломий Давлат таҳдиди ўткинчи эмас.

Америка Мудофаа вазири Чак Ҳейглнинг айтишича, Исломий Давлат (ИД) гуруҳи жуда яхши ташкил топган ва Пентагон унга қарши курашда узоқ муддатли бир дастур ишлаб чиқиш ҳақида бош қотирмоқда.

Чак Ҳейгл ИД жангчилари Қўшма Штатлар охирги йилларда юзма-юз келаётган энг "хатарли таҳдид" эканини айтган.

Пайшанба куни Вашингтонда чиқиш қилган жаноб Ҳейгл жумладан шундай деган: "Исломий Давлат гуруҳи таҳдиди ўткинчи ва қисқа муддатли эмас. У бир террорчи гуруҳга қараганда анча яхши ташкил топган. Улар яхши жиҳозланган ва ҳимояланган. Улар ўз ғояларига эга ва ҳарбий тактикалардан ақллилик билан фойдаланишади".

Чай Ҳейглга кўра, АҚШ ҳаво ҳужумлари ИДнинг Ироқда янги ҳудудларни ишғол қилишига тўсқинлик қилган эса-да, жангарилар қайтадан куч олиши кутилмоқда.

Американинг таниқли генералларидан бири Мартин Демпсей ИДнинг Суриядаги қароргоҳларига ҳужум қилмасдан, уни енгиб бўлмайди, деб айтган.

АҚШ Мудофаа вазирлиги раҳбарларининг огоҳлантиришлари ИД АҚШлик журналист Жеймс Фолейнинг қатл этилиши тасвирланган видеони интернетда эълон қилиши ортидан янграмоқда.

Қўшма Штатлар ҳозирга келиб жаноб Фолей ўлими юзасидан расмий текширувни бошлаган.

АҚШ Бош прокурори Эрик Ҳолдер мамлакати "хотираси яхши" эканини айтган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ