Афғонистонда гўзаллик салонларига навбатни кўринг...

Image caption Сўнгги йилларда пойтахт хотин-қизлари орасида, айниқса, ўчмайдиган пардоз-андозга қизиқиш кучайиб бормоқда экан

Аён бўлишича, ҳозир биргина пойтахт Кобулнинг ўзида икки мингга яқин гўзаллик салони фаолият юритади.

Аммо, шунда ҳам, мижозлар сони кўплигидан, аввалдан вақт тайин этишингиз керак бўлади.

Кобулдаги салонлар ходималарининг айтишларича, кунига ўнлаб гўзаллик илинжидаги хотин-қизларга хизмат кўрсатишади.

Уларнинг мижозлари орасида эса, 15 ёшли қизчалардан тортиб, 60 яшар онахонларгача учратиш мумкин экан.

Кимдири қошини тердирса, бошқаси сочини кестириш, яна бирлари эса, ўзларига зеб бериб қўйишларини сўраб бу каби гўзаллик салонларига ташриф буюришаркан.

Сўнгги йилларда пойтахт хотин-қизлари орасида, айниқса, ўчмайдиган пардоз-андозга қизиқиш кучайиб бормоқда экан.

Image caption Гўзаллик салонларидаги нарх-наволар эса, икки-уч доллардан бошланиб, 300-500 АҚШ долларигача боради

Агар, Кобулдаги мухбиримизнинг сўзларига таянилса, бу каби хотин-қизлар учун гўзаллик салонларидаги хизмат ҳақларининг озмунча эмаслиги ҳам писанд эмас.

Гўзаллик салонларидаги нарх-наволар эса, икки-уч доллардан бошланиб, 300-500 АҚШ долларигача боради.

Дейлик, қошингизни икки-уч йилгача ўчмас қилиб бўяб қўйишларини истасангиз, нақд 100 долларни санаб беришингиз керак бўлади.

Сочингизни кестиришингиз эса, анча арзон, дейлик, энг мураккаби 5-6 АҚШ долларига тушади.

Аммо, шунда ҳам, гўзаллик салонларининг йил сайин сони ортиб бораётгани айтилаётган мижозларининг орасида ҳамма табақа вакиллари, тижоратчидан тортиб, уй бекасигача – барча, барчани учратиш мумкин экан.

Кобулдаги айрим гўзаллик салони ходималарининг айтишларича эса, баъзи бир мижозлар учун, ҳатто, пул эмас, энг аввало кўрсатилаётган хизматнинг сифати муҳим.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, ҳалиям катта сондаги афғон хотин-қизлари кўча-куйда Толибон давридан қолган бурқада юришни афзал билишади.

Айниқса...

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Масалан, Афғонистонда битта келиннинг пардоз-андози 300 АҚШ долларидан кам бўлмайди

Аён бўлишича, айниқса, келинларни ясантириб, пардоз қилувчи гўзаллик салонлари ҳаммасидан кўра кўп даромад қилишади.

Масалан, Афғонистонда битта келиннинг пардоз-андози 300 АҚШ долларидан кам бўлмайди.

Бу пулни эса, унча-мунча хонадон топиб беролмайди. Албатта, чўнтаги бақувватлари бундан мустасно.

Агар, гўзаллик салонлари ходимларининг ўз сўзларига қаралса, тўй мавсумида кунига тўрттача келинни пардоз-андоз қилишади.

Ўз сўзларига таянилса, улар кунига 500-600 афғонийгача пул топишлари мумкин.

Бу эса, ойига 300 АҚШ долларига тенг маблағ деганидир.

Шундай экан, бошқа томондан, гўзаллик салонлари аёлларни иқтисодий қарамликдан халос этиши ҳам бор гап.

Устига устак, хизмат ҳақлари ўзларидагига нисбатан арзон бўлгани учун қўшни Эрон ва Покистондан ҳам хотин-қизлар гўзаллик илинжида Афғонистонга ташриф буюришаркан.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Мамлакатда, йилларки, ишсизлик кенг қулоч ёйган ва давлат хизматчиларининг маошлари ҳам ҳаминқадар

Энг сўнггида таъкидлаш жоиз, чорак асрлик урушлар гирдобида бўлган Афғонистоннинг ўзи эса, дунёнинг энг қашшоқ давлатларидан бири саналади.

Мамлакатда, йилларки, ишсизлик кенг қулоч ёйган ва давлат хизматчиларининг маошлари ҳам ҳаминқадар.

Қишлоқ аҳолиси эса, чекка ҳудудлардан шаҳарларга келиб, мардикорчилик қилишга мажбур.

Уларнинг ўртача даромади йилига 350 АҚШ долларига етиб-етмайди.

Бугун тирикчилик илинжида қўшни Покистон ва Эронда меҳнат муҳожирлигида банд афғонлар ҳам оз эмас.

Аммо, таъкидлаш жоиз, Афғонистон афюн етиштириш бўйича ҳануз дунёда энг пешқадам давлат бўлиб турибди.

Яқинда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ҳам қишлоқ жойларида гўзаллик салонларини кўпайтиришни ошкора илтимос қилганди.

Президентнинг Конституция муносабати билан қилган чиқиши ортидан, қишлоқ жойларидаги вазиятни ўрганган Би-би-си Ўзбек Хизмати эса, хотин-қизларнинг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, гўзаллик салонлари Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларида ҳам керагидан ортиқ эканига амин бўлганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ