Twitter дан қувилган ‘Исломий Давлат’ қаерга бош урмоқда?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Агар, америкалик журналист Жеймс Фолей “қатл этилган” видеолавҳасини қаерда жойлаштиргани назарда тутилса, аввалига “Диаспора” хусусий ижтимоий мулоқот тармоғига.

Шу йил июн ойида Ироқда қучган кетма-кет ғалабасини дунёга кўз-кўз қиларкан, жиҳодий гуруҳнинг Twitter даги фаолияти гуллаб-яшнаган: узундан-узоқ твитларининг кета кўринмаганди.

Бунинг ортидан, сўзсиз, “Исломий Давлат”нинг Twitter даги аккаунтлари ёпиб ташланганди.

Халқаро ҳамжамиятнинг мутаассиб гуруҳга босимлари кучайиб бораркан, сўнгги ҳафталарда уларнинг янги аккаунт очиш уринишлари ҳам чиппакка чиққан: очилгандан тўсиб қўйилаверганди.

Twitter га ортиқ киролмаслигига кўзи етган шекилли, “Исломий Давлат”нинг янги аккаунтлари “Диаспора”да пайдо бўлди.

Тармоқ уларнинг Ироқ ва Суриядаги “вилоятлари”да қилган ишларига оид хабарларга тўлиб-тошди...

Аммо Жеймс Фолейнинг “қатли” акс этган видеолавҳа ортидан, уларнинг “Диаспора”даги “ҳаётлари”га ҳам нуқта қўйилди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Орадан бир неча соат ўтмай, “Исломий Давлат” минг хусусий бўлмайдими, бу ижтимоий мулоқот тармоғидан ҳам қувилди.

Афтидан, шунча “қув-қув” гуруҳга писанд бўлмади: Бош ургани бирор бир жойи қолмади, деганда, уларнинг Twitter, YouTube ва ижтимоий мулоқот тармоқларидаги тарафдорлари кўмакка келишди.

Энди “Исломий Давлат”нинг ўзи қолиб, уларни дастакловчилар ахборот урушига зўр беришди.

“Диаспора”

Ўз “Исломий халифалиги”га эга ушбу гуруҳ “Диаспора”га бир ойча бурун ўтиб олди.

Шунчаки ўтиб олди ҳам эмас, унда ўзининг асосий ахборот маркази – “ал-Итисам”ни ташкил қилди.

Бу билан ҳам кифояланмай, “ал-Ҳаёт” матбуот марказига ҳам асос солди.

Афтидан, “Исломий Давлат”га бу ҳам камлик қилди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Гуруҳ шу билан бир вақтнинг ўзида “Friendica” ва “Quitter” каби анчайин хос яна иккита ижтимоий мулоқот тармоғидан фойдаланишга ўтди.

Бу ижтимоий мулоқот тармоқлари эса, маълумотларингизни Twitter дан кўра яхшироқ сир сақлашга оид даъволари билан танилган.

Аммо тез орада уларнинг бошига ҳам Twitter даги аккаунтларининг куни тушди.

“Исломий Давлат”нинг бу ижтимоий мулоқот тармоқларидаги фаолияти ҳам бир ойга чўзилмади.

Twitter ва “Диаспора”дан қувилиши бу мутаассиб жиҳодий гуруҳга берилган катта зарба бўлиши мумкин.

Бироқ, гуруҳнинг қанчалик мослашувчан ва чидамли экани назарда тутилса, бу ҳам вақтинчалик ютуқ: чунки уларнинг хабарлари ёйилишдан тўхтамаяпти.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

“Исломий Давлат”нинг Twitter даги минглаб тарафдорлари ишга тушиб, уларнинг ғояларини тарқатиш, қўллаб-қувватлаш ва психологик урушларини авж олдиришга киришишган.

Шу йил ёз ойида Бразилияда бўлиб ўтган футбол бўйича 2014 йилги жаҳон чемпионати бунга мисол.

Гуруҳ тарафдорлари биринчилик пайтида оммабоп футбол ҳаштагларига кириб олиб, уларнинг ғояларини ёйишга зўр беришган, янада кўпроқ одамларни қамраб олишга ҳаракат қилишганди.

Уларнинг инглиз тилида олиб бораётган сўнгги тарғибот амалиётлари эса, Ғарбга сабоқ беришга қаратилган.

“Исломий Давлат” гоҳида аччиқ ҳазил, гоҳида қўрқинчли тасвирларини ишга солиб, Ғарбни Ироқ курдларига йўллаган ҳар қандай қурол-яроғи ўзларининг қўлларига тушиши билан огоҳлантиришга уринмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ