Дунёнинг энг дароз одами оламдан ўтди

Хабарларга кўра, расман ўлчатишга рози бўлмаган эса-да, бўйининг баландлиги бобида ҳаммани ортда қолдириши ишонилган Леонид Стадник миясига қон қуйилиши натижасида 44 ёшида ҳаётдан кўз юмган.

Бунга украиналик марҳум "рекордчи"нинг миясидаги ўсимта сабаб бўлгани айтилмоқда.

Худди шу ўсимта ҳаёти давомида ишлаб чиқарган гормонлар уни дунёнинг "энг баланд" одамига айлантиргани ишонилади.

Леонид Стадникнинг бўйи қарийб 2.60 метрга етиши тахмин этиларди.

Украинадан олинган хабарларга таянилса, у ўтган якшанба куни ҳаётдан кўз юмган.

Леонид Стадник Житомирдаги ўзи туғилиб, ўсган Подолянци қишлоғида онаси билан тинчгина ҳаёт кечириб келган.

Шов-шувни ёқтирмагани боис, ўз бўйини кўз-кўз қилишни истамаган.

2007 йилда Гиннес Рекордлар қўмитаси томонидан қисқа муддат "Дунёнинг энг баланд одами", деб топилган.

Аммо, айнан тинчликни маъқул кўргани сабаб, қўмита вакилларига расман бўйини ўлчатишга изн бермаган.

Худди шу боис, жаҳон рекорди у қолиб, бўйи 2.36 метр бўлган хитойлик Бао Хи Шунга ўтиб кетган.

Жорий пайтда ушбу мақомни хитойликдан 15 смга узун туркиялик 31 яшар деҳқон Султон Кусен эгаллаб турибди.

Леонид Стадник эса, бир умр ветеринарлик қилган.

Аммо сўнгги йилларда саломатлиги жиддий ёмонлашиб, юришга қийналиб қолган.

Шу боис, ишдан кетиб, ўз томорқаларида, онасининг мол-ҳолини боқиб ҳаёт кечиришни афзал кўрган.

Бўйи сабаб, ўтириб, туришга қийналаркан, кўмак ташкилотлари ходимлари ҳам вақти-вақти билан унинг оғирини енгил қилиб туришган.

Виктор Юшченко президентлиги вақтида Леонид Стадникка махсус ишланган компьютер ва машина ҳам ҳадя қилгани айтилади.

Аммо, қанчалик машҳур эканига қарамай, бор умрини онасининг бир қаватли одмигина уйида ўтказган.

Кириб, чиқаркан, унинг эшигидан доимо икки букилиб ўтишга мажбур бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02