Нима учун ҳамма ‘ал-Қоида’ хонимнинг ‘дарди’да?

Нуфузли “Foreign Policy” журналида чоп этилган бутунбошли мақола худди шу саволга жавоб топишга қаратилган.

Сўз ким ҳақида бораётган экан десангиз, ҳам покистонлик мулозимлар, ҳам Толибон ҳаракати ва ҳам “Исломий Давлат” гуруҳи озод этилишини хоҳлаётган Аифа Сиддиқий ҳақида.

42 ёшли Аифа хонимнинг ўзи тўрт йилдирки, америкаликларнинг қамоқхонасида сақланади.

У асли покистонлик, аммо АҚШда таҳсил олган ва ҳатто, докторлик мақомига ҳам эришган нейролог.

Агар, журналда келтирилган маълумотларга таянилса, Аифа хоним Афғонистонда ёнида цианли натрий ҳамда кимёвий, “Эбола” вирусилик биологик қурол ва қўлбола бомба ясашга оид қўлланма билан бирга қўлга олинган.

АҚШ Федерал Қидирув Бюроси ходимлари ва ҳарбийлар уни сўроқ қилишга уринишганида эса, столнинг устида турган тўппончани олиб, уларга қарата ўт очган, дейилади ушбу мақолада.

Хавфсизлик доираларида “ал-Қоида хоним” номи билан машҳур бўлган Аифа Сиддиқий, яна шунингдек, Нью-Йорк ва Вашингтонда уюштирилган 2001 йил 11 сентябр ҳужумлари “устабошиси” Холид Шайх Муҳаммадга ҳам алоқадор, деб кўрилади.

Хабарларга кўра, АҚШда олий таҳсилини якунлаб, Покистонга қайтган Аифа хоним Холид Шайх Муҳаммаднинг қариндошига турмушга чиққан бўлган.

У ўз вақтида АҚШ Федерал Қидирув Бюроси изига тушган “энг хавфли террорчилар” рўйхатида ҳам бўлган.

Олима "ал-Қоида" тармоғининг Ямандаги бўлимини молиялаш ишларида ҳам фаол бўлгани ишонилади.

Жорий пайтда эса, Аифа хоним Американинг Техас штатида 86 йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда.

2010 йилда Нью-Йорк маҳкамаси уни Афғонистондаги америкалик жосуслик мулозимларини ўлдиришга уринишда айбдор, деб топган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Мақола тафсилотларидан хулоса қилинишича, ўтган тўрт йил мобайнида покистонлик мулозимлар қолиб, Толибон ҳаракати ва Айман аз-Завоҳирий бошчилигидаги “ал-Қоида” тармоғи ҳам маҳбуса эвазига америкалик ва британиялик тутқунларини қўйиб юбориш таклифи билан чиқишган.

Яқиндагина Ироқдаги “Исломий Давлат” гуруҳи аввалига америкалик журналист Жеймс Фоулей, кейин эса, 26 ёшли америкалик ёрдам ходимасини покистонлик бу маҳбусага айирбошламоқчи бўлди, деб ёзади журнал.

Шундай экан, нега ҳар бир жиҳодий гуруҳ “ал-Қоида” хонимнинг қўйиб юборилиши истагида?

Худди шу савол манзарасида журнал Аифа хонимнинг ҳодисаси Покистонда қанчалик катта шов-шувга сабаб бўлганига эътибор қаратади.

Унинг узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилиши ўша пайтда Покистонда қатор норозилик намойишларига сабаб бўлган, барча йирик нашрларнинг бош мавзусига айланганди.

АҚШ Давлат Департаментининг бундан бир неча йил олдин WikiLeaksга чиқиб кетган махфий ёзишмаларидан аён бўлишича, айрим мақолаларда “Америка кескин танқид қилинган ва Аифа хоним муслима бўлгани учун бу каби куйларга солингани айтилган”.

Баъзи бир покистонликлар эса, уни озод этишга муваффақ бўлмагани ва бунча узоқ йиллик қамоқ жазосидан қутқариб қолмагани учун ўз ҳукуматларини танқид қилишган.

Бу каби танқидлар кейинчалик расмий Исломободга қарши қаратилган айбловларга айланган, улар ҳукуматни йилларки ўзларини дрон ҳужумига тутиб келаётган Америка билан жуда апоқ-чапоқ бўлишда айблашган.

Худди шу ўринда эса, ўзларини “Аифа Сиддиқий Бригадаси”, деб атаб олган жангарилар унинг устидан бўлиб ўтган “адолатсиз маҳкама” ва “янглиш ҳукм”дан қасос олиш мақсадида ўтган тўрт йил давомида ҳукумат биноларини ҳужумга тутиб келишмоқда, деб ёзади “Foreign Policy”.

Аммо, Аифа хонимнинг ишидан хабардор америкалик мулозимларнинг айтишларича, президент Барак Обаманинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчилари зудлик билан бу каби таклифларни рад этишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Уларнинг айтишларича, “ал-Қоида” тармоғига алоқаси бор, деб кўрилган ва Афғонистондаги америкаликларни ўлдиришга қасд қилишда айбдор, деб топилиб ҳукм этилган маҳбусни озод этиш Америка ҳукуматининг террорчи гуруҳларга ён бермаслик сиёсатига тўғри келмайди.

Устига устак, уларнинг наздларида бу – хавфли жангарини эркинликка чиқариш бўлади.

Аммо журналнинг америкалик айрим ҳуқуқшуносларнинг сўзларига таяниб ёзишича, АҚШ Мудофаа вазирлигида ишловчилар орасида бу ишга хайрихоҳлари ҳам йўқ эмас.

Мақола тафсилотларидан аён бўлишича, бу каби гап-сўзлар, айниқса, америкалик журналист Жейм Фоулейнинг қатл этилиши ортидан янада қизиган.

Аммо АҚШ маъмурияти юқори мартабали мулозимларига кўра, вазирлик бу борада ўзларига бирор бир расмий таклиф билан чиқмаган.

Экспертларнинг таъкидлашларича эса, қонуний жиҳатдан бу жараён осон кечмайди.

Бироқ на “ал-Қоида”, на Толибон ва на “Исломий Давлат” Американинг бу каби мавқеини англаб етмаётган кўринишади, деб ёзади “Foreign Policy”.

Мақола сўнггида журналнинг ABC News телевизион канали веб саҳифасида чоп этилган мактубларидан иқтибос келтиришича, оила аъзолари Ироқдаги жиҳодий гуруҳ Аифанинг номини ўз “олди-сотдилари”га тиркаётганидан “чуқур қайғудалар”.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ