Ғазо оташкесими: Ҳамас ҳам, Исроил ҳам ғалабага эришганларини айтмоқдалар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

26 август куни Исроил ва Ғазо бўлгасини назорат қилаётган Ҳамас гуруҳи ўт очишни доимий тўхтатишга рози бўлганлари ҳақида эълон қилдилар.

Ғазодаги 50 кунлик уруш 2200 дан ортиқ инсоннинг умрига зомин бўлди, бўлгага улкан вайроналик келтирди.

Бундан олдин бир неча маротаба оташкесим эълон қилинган, бироқ томонлар рақибини ўт очишни тўхтатиш келишувини бузишда айблаб, Исроил ҳудудига Ҳамас ракеталари отилиши, Исроилнинг эса Ғазони ҳаводан, денгиз ва қуруқликдан ҳужумга тутиши қайта бошланган эди.

Ҳамас ва Исроил ўт очишни тўхтатиш бўйича бир-бири билан тўғридан-тўғри эмас, Миср ҳукумати воситачилигида музокаралар олиб борди.

Доимий оташкесим эълон қилинганидан кейин Исроил билан Ҳамас ўртасидаги кейинги музокаралар бир ойдан кейин бошланиши хабар қилинди.

Бу музокараларда Исроилнинг, Ҳамас қуролларини ташлаши керак, деган талаби, Ғазода денгиз бандаргоҳи ва аэропорт қуриш ҳамда фаластинлик асирларни озод қилиш масалалари муҳокама этилишини хабар қилинган.

Сешанба тунида ғазоликлар оташкесимни шоду-хуррамлик билан нишонлаганлар.

27 август куни эрталаб ғазолик балиқчилар кемаларига ўтириб балиқ овлаш мақсадида денгизга чиққанлар.

Ҳамасга кўра, ушбу исломий гуруҳ Ғазо бўлгасида назоратни қўлга олганидан буён Исроил жорий қилган қамални юмшатишга эришилгани катта ғалабадир.

Исроил эса Ғазода бошлаган ҳарбий амалиётлари кўзланган мақсадга эришганини айтмоқда.

Исроилга кўра, ҳарбий амалиётлар натижасида Ғазода 5200 дан ортиқ "террорчилик маскани", 1000 "террорчи йўқ қилинган".

50 кунлик уруш натижасида, расмийларга кўра, камида 2140 фаластинлик ҳалок бўлган.

Уларнинг 70 фоиздан ортиғи тинч фуқаролардир.

Исроилнинг 64 аскари, олти тинч фуқаро ҳалок бўлган.

26 августдаги келишувга кўра, Ҳамас ва Ғазодаги бошқа қуролли гуруҳлар Исроил ҳудудига ракета отишни тўхтатадилар.

Исроил эса Ғазо ҳудудини ҳарбий учоқлар, кема ва замбараклардан ҳужумга тутишни, бўлгадаги қуруқлик амалиётларини тўхтатади.

Исроил Ғазо бўлгасига озиқ-овқат, инсонпарварлик ёрдамлари ва қурилиш материалларини олиб ўтишни осонлаштириш учун кўпроқ чегарадан ўтиш нуқталарини очади.

Ушбу талаб 2012 йилдаги Ғазодаги инқироз пайти ўт очишни тўхтатиш келишувининг бир қисми сифатида қўйилган, бироқ ҳаётга татбиқ этилмасдан қолиб кетган.

Ўзаро келишувгаа биноан, Миср ҳам ўзининг Ғазонинг Рафахига туташ 14 километрлик чегарасини очишга рози бўлган.

Ғазо чегараларини қўриқлаш Ҳамас гуруҳидан Маҳмуд Аббос раҳбарлигидаги Фаластин маъмурияти ихтиёрига берилиши кўзда тутилган.

Исроил ва Миср ушбу келишув Ғазога четдан қурол-яроғ олиб киритилиши олдини олишига умид қилмоқда.

Шунингдек, Фаластин маъмурияти қурилиш материалларидан фойдаланиш устидан назорат ўрнатиши лозим, дейилмоқда.

Исроилга кўра, бундан олдин Ғазога олиб ўтилган юзлаб тонна цемент ва темир конструкциялари уй қуришга эмас, Исроил ҳудудига ҳужум қилиш мақсадидаги туннеллар қурилишига сарфланган.

Фаластин маъмурияти Ғазодаги қайта қуриш ишларини халқаро донорлар, хусусан, Оврўпо Иттифоқи, Қатар, Туркия ва Норвегия билан мувофиқлаштириб туради.

Исроил Ғазо чегарасига туташ буфер зонани 300 метрдан 100 метрга қисқартириши кутилмоқда.

Ҳозир ғазоликлар Исроил чегарасига 300 метрдан кам масофада яқинлашишлари мумкин эмас.

Агар бу масофа 100 метр қилиб белгиланса, ғазоликларнинг деҳқончилик билан шуғулланишларига кўпроқ ер очилади.

Ҳозир Исроил Ғазони денгиздан ҳам қамалга олган, ғазолик денгизчиларнинг соҳилдан 3 денгиз мили ёки 5,5 километр масофадан узоқликда балиқ тутишлари тақиқланган.

Сўнгги оташкесимга биноан Исроил балиқчилик ҳудудини 6 мил ёки 11 километрга кенгайтиришга рози бўлган.

Бу мавзуда батафсилроқ