'Шимолий Корея президенти ‘Манчестер Юнайтед’нинг ашаддий ишқибози'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Англия премьерлигаси ўйинларини мамлакатига олиб узатишга шахсан ўзи буйруқ бераркан, президент Ким Чен Иннинг “сири очилди”.

Нега, десангиз, айни шу қарори ортидан, Шимолий Корея президентининг, йилларки, "қизил иблислару", жамоанинг сара ҳужумчиси Уэйн Рунейга ашаддий ишқибозлик қилиши маълум бўлди.

Президент Кимнинг сўнгги қарори бу ҳақда хабар берган қатор британ нашрларининг жиддий таажжубига сабаб бўлмай қолмаган.

Улар ўз диққатларини Шимолий Корея Давлат телевидениеси бунга қай тарзда имконли бўлишига қаратишган.

Чунки, мавжуд тартиб-қоидаларга мувофиқ, бунинг учун Шимолий Корея томони каттагина пул тўлаб, трансляция ҳуқуқини сотиб олиши лозим бўлади.

Аммо британ нашрларининг Англия премьерлигаси матбуот воизининг сўзларига таяниб хабар беришларича, ҳозирча Шимолий Корея томонидан бирор бир кимса ўзларига бу ҳақда мурожаат қилмаган.

Агар, бундан келиб чиқилса, улар ўйинларни ноқонуний трансляция қилишмоқчи, деб хулоса қилишади бу нашрлар.

Улар, ўз навбатида, Шимолий Корея раҳбари бундан аввал Олмония Бундеслигаси ўйинларини қисман намойиш этиш ҳуқуқини сотиб олишга муваффақ бўлганини ҳам алоҳида эслатиб ўтишади.

Бироқ, худди шу ўринда, бу ҳақда хабар берган британ нашрларидан ҳеч бири Шимолий Корея Давлат телевидениеси ўз президентининг қарорини қандай қилиб бажариш режасида эканига оид бирор бир тафсилотга тўхталмайди.

Аксинча, демак, шимолий кореяликлар нафақат “Манчестер Юнайтед”, балки “Челси”, “Арсенал” ва бошқа инглиз жамоаларининг ҳам ўйинларини томоша қилишга муваффақ бўлишаркан-да, қабилида сўз юритишади.

"Коммунист диктатор"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

31 ёшли коммунист диктаторнинг бошқа спорт турларига ҳам қанчалик ишқибозлик қилиши, қанчалик иҳоталанган бўлмасин, сўнгги йилларда Шимолий Кореядан олинган оз сонли хабарлардан маълум бўлганди.

Агар, ушбу хабарларга таянилса, бошқа бир қанча таниқли спортчилар қаторида америкалик машҳур баскетболчи Деннис Родман ҳам Шимолий Корея президентининг меҳмони бўлган.

Ким Чен Ин президент отасининг ўлими ортидан, 2011 йилда қудратга келганди.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, ёш Кимнинг давлат бошқарувида марҳум отасининг мутлақ ҳукмдорлик йўлини тутиши маълум бўлганди.

Дунёдаги энг авторитар давлатлардан бири сифатида кўрилувчи Шимолий Корея эса, йилларки, инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳволнинг қанчалик абгорлиги юзасидан танқидлар остида қолиб келади.

Ташқи дунёга қанчалик ёпиқ эканига қарамай, Шимолий Кореядаги яшаш шарт-шароитларининг ҳам ҳавас қилиб бўлмайдиган аҳволда экани айтилади.

Ким Чен Ин шахси ҳақида нафақат дунёда, балки мамлакати ичида ҳам жуда оз нарса маълум.

Шу пайтгача дунёдаги энг ёпиқ мамлакатлардан бири йўлбошчисининг шахсий ҳаёти жамоатчиликдан сир тутиб келинган.

Шимолий Корея раҳбарининг омма олдида чиқиш қилиб, турли қизиқишларини намойиш этаётгани эса, турлича талқин қилинмоқда.

Кимдир буни мамлакатда эсаётган ошкоралик шабадалари сифатида талқин этаётган бўлса, бошқаси буни Ғарбга нисбатан муносабатларнинг ўзгараётганига йўймоқда.

Аммо уларнинг орасида сўнгги ўзгаришларни шунчаки халқнинг эътиборини чалғитиш сифатида кўраётганлар ҳам йўқ эмас.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ