Ўз яқинлари тириклайин кўмган қизча омон қолди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Хабарларга кўра, сўнгги машъум ҳодиса Ҳиндистоннинг шимолий Уттар-Прадеш штатида юз берган.

Маҳаллий полициянинг айтишича, яқинлари аввалига қизчани бўғиб ўлдиришга ҳаракат қилишган.

Кейин эса, ўлди деган гумонда уни чала-чўлпа ерга кўмиб кетишган.

Уларнинг нега бу ишга қўл уришгани сабаби ҳозирча маълум эмас.

Қизчани эса, қўлбола қабрдан ён-атрофдаги қишлоқ яшовчиларидан бири қутқариб олган.

Сўнгра эса, ўзининг "топилдиғи" ҳақида полицияга хабар берган.

Омон қолган қизчанинг ўзини зудлик билан касалхонага олиб кетишган.

Ҳозир унинг аҳволи анча яхши экани айтилади.

Полиция ходимлари эса, энди қизчанинг онаси, амакиси ва аммасининг изидан тушишган.

Қисқача тафсилот ўрнида

Қизчани қабрдан топиб олган кишининг айтишича, аввалига қамишзор ўртасидан боланинг йиғиси қулоғига чалинади.

Ким йиғлаяпти, деб борганида оёғи остидаги ернинг қимирлаётганига кўзи тушади.

Полициянинг фараз қилишича эса, амакиси ва аммаси сени айлантириб келамиз, деб қизчани алдаб кўчага олиб чиқишади.

Кейин уни бўғиб, ўзи яшайдиган қишлоқнинг яқинида кўмиб кетишади.

"Қизча ҳушига келганидан кейин бир амаллаб ташқарига чиққан ва ўтирволиб йиғлашга тушган. Кейин йиғиси овозини эшитиб, қишлоқ яшовчиларидан бири уни топиб олган бўлса керак", - дейди маҳаллий полиция идораси раҳбари Ражеш Кришна Би-би-си билан суҳбатида.

Унинг айтишича, қизчанинг бўйнида яққол бўғиш аломатлари кўзга ташланиб турган.

Ҳаёти

Хабарларга кўра, шунча кўргуликларга дучор бўлган қизча онаси билан яшаган.

Отасининг эса, боласи билан юз берган ушбу ҳодисадан умуман хабари бўлмаган.

Унинг айтишича, хотини ва қизи билан бирга яшамаган.

Полиция эса, ҳозир юз берган ҳодиса сабабини ўрганмоқда.

Бу каби ҳоллар Ҳиндистонда биринчи бор юз бераётгани йўқ.

Мамлакатда хотин-қизларга қарши маиший зўравонликлар кенг тарқалган.

Қизлар эса, айниқса, қашшоқ оилалар учун ортиқча юк сифатида кўрилади.

Чунки уларни турмушга узатиш катта пул туради.

2012 йилда ҳам Ҳиндистоннинг худди шу штатида отаси ва амакиси гўдак қизчани тириклайин кўммоқчи бўлишгани хабар берилганди.

Икковлон ўз хатти-ҳаракатларини қолган болаларининг саломатлиги йўлида уни қурбон қилишга қарор қилишгани билан изоҳлашганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ