Путин Порошенко билан келишдими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи n

Украина Президенти Пётр Порошенко Россия Президенти Владимир Путин билан телефон мулоқоти чоғида "ўт очишни буткул тўхтатиш"га келишганликларини маълум қилган.

"Президентларнинг мулоқоти натижасида Донбасс (Донецк ва Луганск вилоятлари) минтақасида доимий оташкесимга эришилди", дейилади Украина Президентининг расмий веб саҳифасида эълон қилинган хабарда.

Айни пайтда Кремл Путин ўт очишни тўхтатишга шахсан рози бўлмагани, чунки Россия зиддиятнинг бир тарафи эмаслигини айтмоқда.

Путиннинг воизи Дмитрий Песков президентлар ўртасидаги телефон сўзлашувини тасдиқлаган, аммо президентлар фақат "кўнгиллилар ва украина ҳарбийлари ўртасида ўт очишни тўхтатишга олиб келувчи қадамларни" муҳокама этганликларини айтган.

"Россия жисмоний жиҳатдан ўт очишни тўхтатиш ҳақида келишиши мумкин эмас, чунки зиддиятнинг бир тарафи эмас", - деб айтган жаноб Псков.

Россия ва Украина Ташқи ишлар вазирликлари ҳам ҳозирча эришилган келишувни шарҳлаганлари йўқ.

Украина аксилтеррор штаби эса, ўт очишни тўхтатиш ҳақида ҳеч нарса билмаслигини айтмоқда.

Айни пайтда ўзини "Донецк Халқ Республикаси" мудофаа вазирлигининг сиёсий бўлими бошлиғи деб атаган Владислав Бриг РИА Новости агентлиги билан суҳбатда Украина кучлари Донбассда қоларкан, ўт очишни тўхтатмасликларини айтган.

'Тўғридан-тўғри музокаралар'

Шу ҳафта бошида ғарб Украинадаги воқеалар юзасидан Россияга қарши янги жазо чораларини жорий этишга келишган.

Сешанба куни АҚШ янги жазо чораларини киритишга тайёрлиги, аммо бу борада Оврўпо Иттифоқи билан бир вақтда амал қилиш ниятида эканини айтган.

Душанба куни Би-би-сига гапирган Путин Украина шарқида тинчлик юзасидан "тўғридан-тўғри музокаралар" жараёни бошланаётганини айтган эди.

Шу йил апрелида Украина шарқидаги жанглар бошланганидан буён 2600дан кўпроқ инсон ҳалок бўлган, 1 миллиондан зиёд аҳоли уйларини ташлаб чиққан.

Москва Украина шарқидаги россияпараст бўлгинчиларга ҳарбий техника ва қўшин юбораётганини рад этиб келади.

Айни пайтда АҚШ Президенти Барак Обама НАТО саммити олдидан Болтиқбўйи раҳбарлари билан учрашмоқда.

У Таллинда бундан 10 йил муқаддам НАТОга аъзо бўлган собиқ совет давлатлари - Эстония, Латвия ва Литва президентлари билан учрашади.

НАТОнинг Уэлсда ўтадиган саммитида тезкор кучларни тузиш ҳақида қарор қабул қилиниши кутилмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ