Эрон раҳбарияти АҚШ билан ҳарбий ҳамкорликка рози

Генерал Қосим Сулаймоний

Эрон олий руҳоний раҳбари Оятуллоҳ Али Ҳоманаий мамлакат қуролли кучларига Ироқдаги "Исломий Давлат" сунний жангариларига қарши курашда Америка ҳарбийлари билан ҳамкорлик қилишларига изн берган.

Бу ҳақда Би-би-си Форс хизматининг манбаси хабар берган.

Теҳрондаги манбага кўра, Оятуллоҳ Ҳоманаий маъқулловидан кейин энг юқори қўмондонлар америкаликлар билан ҳарбий амалиётларни бемалол мувофиқлаштирадилар.

Бу ҳарбий амалиётларга америкаликлардан ташқари Ироқ, Курдистон қўшинлари ҳам бош қўшган.

Эрон Саддам Ҳусайн қудратдан ағдарилганидан кейинги даврда ўзининг иттифоқчиси ҳисоблайдиган Ироқ ҳудудида америкаликлар билан "муомала"ларга доим қаршилик қилиб келган.

Бироқ Шиа Эрон экстремист "Исломий Давлат" Сунний гуруҳини жиддий таҳдид деб кўрмоқда, "Исломий давлат" Шиаларни бидъатчилар деб билади.

Шу йил июн ойида Ироқдаги Мосул шаҳрини назоратларига олганларидан кейин "Исломий Давлат" жангарилари кўплаб Шиа мусулмонларини ўлдирдилар, Шиалар зиёратгоҳларини вайрон этдилар.

Август ойида АҚШ ҳаво ҳужумлари билан, Эрон ҳам ўзининг ҳарбий ёрдами дастаклаган Шиа жангчилари ва Курдистон қўшинлари "Исломий Давлат" икки ой мобайнида қўлида ушлаб турган Амирли шаҳрини озод қилдилар.

Охирги ойларда "Исломий Давлат" Ироқ шимоли ва ғарбида, Суриянинг шарқий қисмида ўз назоратидаги ҳудудларни кенгайтирди.

Ироқ шимолида қатор шаҳарни қўлга киритганларидан кейин АҚШ кучлари ИД мавқеларини ҳаво ҳужумларига тутишни бошлади.

Бундан олдин Оятуллоҳ Ҳоманаий Ироқ ички ишларига "ташқаридан аралашиш"га қарши бўлиб келган.

Бироқ энди афтидан Эрон Қўшма Штатлар билан яқиндан ишлаш йўлидаги қадамларни қўймоқда, дейди Би-би-си Форс хизматидан Касра Нажи.

Манбаларга кўра, Оятуллоҳ Ҳоманаий Эроннинг Инқилобий Қўриқчилари кучлари - "Қудс" кучлари қўмондони генерал Қосим Сулаймонийга "Исломий Давлат"га қарши ҳарбий амалиётларни бошқа давлатлар кучлари билан мувофиқлаштириш вазифасини юклаган.

Бу мавзуда батафсилроқ