Бевақт келган муссон ёмғирлари қурбонлари сони ортмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Би-би-си мухбири Эндрю Норснинг хабар қилишича, икки кун давомида ёққан кеч муссон ёмғирлари Покистон ва Ҳиндистонда камида 66 инсон умрига зомин бўлган.

Ёғингарчилик энг кўп мамлакат шимолида кузатилган.

Покистоннинг Пунжоб ва Ҳиндистон назоратидаги Кашмирда қишлоқлар ва шаҳарларни сув ювиб кетган.

Расмийларнинг айтишларича, аксар қурбонлар ёғингарчиликка чидаш беролмасдан қулаган биноларнинг тагида қолган инсонлардир.

Қутқарув ишларига Покистон армияси жалб қилинган.

Ҳарбийлар энг кўп жабр кўрган ҳамда вайронагарчилик эҳтимоли кучли бўлган жойлардан кўчишни одамларга маслаҳат бермоқдалар.

Тўхтовсиз ёмғирлар ер кўчкиларига сабаб бўлган, йўлларни издан чиқарган.

Бу эса қутқарув ишларининг белига тепмоқда, дейди Би-би-си мухбири.

4 сентябр куни Кашмирда бир автобусни оқим оқизиб кетган.

Автобусда бир тўй маросимининг 50 тача иштирокчиси бўлган.

Ҳиндистон расмийлари оқибатда ўнлаб инсонлар ҳаётдан кўз юмганини хабар қилганлар.

Ҳиндистон армияси ҳам Кашмирдаги қутқарув ишларига ҳарбийларни сафарбар этган.

Покистонда камида бир инсонни сув сатҳи кўтарилиб электр симига етиб ток уриб ўлдирган.

Асосий ҳудуддан узилиб қолган аҳоли масканларида юзлаб одамлар "қамалиб қолганлар"и хабар қилинмоқда.

Сентябрдаги бундай кўп ёғингарчилик маҳаллий одамларни ҳайрон қолдираяпти, дейди мухбиримиз.

Чунки Ҳинд уммони муссон ёмғирлари ёз ойларида кузатилади ва кўпчилик муссон мавсуми ўтиб кетди, деб ўйлашаётган эди.

Бироқ Покистондаги об-ҳавони кузатиш хизматлари яқин кунларда янада кўп ёғингарчиликлар бўлишини башорат қилмоқда.