Россия телевидениеси Украинадаги "кўнгиллилар"ни олқишламоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Россия телевидениеси биринчи маротаба Украинада бўлгинчилар сафида курашаётган Россия аскарлари ҳақида кўрсатув намойиш этди.

Кўрсатувда расмийлар томонидан бот-бот қайтариладиган даъво, яъни аскарларнинг Украинага расман эмас "кўнгилли" равишда ёки "таътил вақтида" кетганликлари айтилган.

"Россия", 1-канал ва NTV ана шу "кўнгиллилар"дан бири костромалик Анатолий Травкиннинг дафн маросими ҳақида хабар беришган.

Кўрсатувларнинг ҳаммаси славянлар бирлиги ва руслар биродарлиги ҳақидаги изҳоротларга тўла.

NTV лавҳасида айтилишича, "Травкин Украинадаги ҳодисаларни шунчаки қўл қовуштириб, жимгина кузатиб тура олмаган".

Лавҳада, шунингдек, Травкиннинг атиги 6 ҳафта аввал оила қургани ҳам айтилган.

Лавҳада кўрсатилган унинг ягона яқини - холаси унинг ватанга хизмат қилмоқчи бўлгани ва ҳаётини бошқалар учун қурбон берганлигини айтган.

NTV мухбирлари, шунингдек, дафн маросимида иштирок этган қуролли кучлар фахрийлари билан ҳам гаплашганлар.

Улар "ҳамкасблари Донецк ва Луганск вилоятларида рўй бераётган даҳшатларнинг олдини олиш учун ғурур билан курашаётганликлари"ни айтишган.

"Россия" канали гаплашган фахрийлар эса, бўлгинчилар сафида курашнинг "халқаро бурч" эканлигини айтганлар.

Бу изҳоротлар 1979 йили Шўро қўшинларининг Афғонистонга кириб борган ва ҳатто 1930 йилларда Испаниядаги фуқаролар уруши давридаги оҳангларни эсга солади.

"Россия бор экан, биз уни ҳамиша химоя қиламиз. Бу йигитлар ўз халқаро бурчларини бажармоқдалар, уларга ҳамиша шон-шарафлар бўлсин", деган бармоғини камерага ўқтаб Афғон уруши фахрийси.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Украинада ҳануз курашаётган яна бир кўнгилли эса "фашизмга йўл қўймаймиз" деган шиорни ўртага ташлаган.

Бу шиор 1930 йиллар Испанияда Республикачи кучлар орасида жуда машҳур эди.

"Россия" каналида айтилишича, Донецк ва Луганск вилоятларида 4 мингга яқин россиялик кўнгиллилар бор.

Телеканал мухбири Москвадаги шифохоналардан бирида бўлган жароҳатланган кўнгилли билан суҳбатлашган.

Унинг айтишича, "Украинага бормаса ўзини эркак деб ҳисоблай олмасди".

Кўрсатувда Украина ҳукумат кучлари сафида курашаётган хорижий кўнгиллилар ҳам тилга олиниб, улар "ёлланганлар" дея тақдим этилган.

Ростов шаҳридан бўлган кўнгилли қўлида пичоқ бўлган америкаликни қуролсизлантиргани ҳақида гапириб берган.

Россия Думасининг юқори палатаси спикери Валентина Матвиенко Украинадаги ҳодисаларни ёритиб келган сураткаш Андрей Стенин дафн маросимида сўзга чиққан.

Матвиенко хонимнинг айтишича, "тобора кўпроқ россияликлар ўз биродарлари заминида ҳуқуқ ва адолат учун кураш сафларига қўшилмоқдалар".

LifeNews TVдаги жонли суҳбатда Матвиенко хоним уларни "қаҳрамонлар", дея атаган.

Матвиенко хонимнинг сўзлари илк бор олий мартабали Россия расмийси томонидан Украинада бўлгинчилар билан бирга россиялик "кўнгиллилар" ҳалок бўлаётганлигининг тан олиниши билан баробардир.

Костромада эса бир неча аскарларнинг яқинлари уларнинг Украинага юборилган бўлишлари мумкинлигидан хавотирланиб, уларни излашга тушганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан WhatsАpp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02