'Исломий давлат' нима?

"Исломий Давлат" (ИД) - Сурия шарқи ва Ироқ шимоли ҳамда ғарбида йирик ҳудудларни назорат қилаётган радикал исломий гуруҳдир.

Унинг оммавий қатл, диний ва этник озчилик вакилларини ўғирлаб кетиш, аскарлар ва журналистларнинг бошини танасидан жудо қилиш каби шафқатсиз усуллари дунё бўйлаб ваҳима ҳамда ғазаб уйғотиши баробарида АҚШнинг ҳарбий мудоҳаласига ҳам сабаб бўлган.

ИД нима хоҳлайди?

Image caption Тарафдорлари Абу Бакр ал-Бағдодийни Халифа Иброҳим деб аташади

Гуруҳ шариат қоидалари асосида ягона сиёсий ва диний раҳбар томонидан бошқариладиган давлат - Халифалик қуришни мақсад қилиб олган.

Гарчи ҳозирда Ироқ ва Сурия сарҳадлари билан чекланган эса-да, ИД Иордания ва Ливан "чегараларини бузиш" ва Фаластинни озод этиш"га ваъда берган.

Ташкилот бутун дунёдан мусулмонларнинг дастагига эга ва улардан ўз раҳбари - Иброҳим Авод Иброҳим Али ал-Бадрий ал-Самарраий ёки Абу Бакр ал-Бағдодийга байъат этишларини талаб қилади.

Илдизлари қаерда?

Image caption Ал-Қоида раҳбарлари Абу Мусаб аз-Зарқовийнинг усулларини "ҳаддан зиёд" деб аташган

ИД илдизлари марҳум Абу Мусаб аз-Зарқовийга бориб тақалади.

2002 йилда Тавҳид ва ал-Жиҳод ташкилотига асос солган иорданиялик Зарқовий орадан бир йил ўтиб, Усома Бин Лодинга қасамёд қилади ва "Ироқдаги Ал-Қоида" (ИАҚ) ни тузади.

2006 йилда Зарқовийнинг ўлимидан сўнг ИАҚ Ироқ Исломий Давлати (ИИД)ни тузди.

АҚШнинг Ироққа қўшимча кучлар юбориши ва Сунний араб қабилаларидан ташкил топган "Саҳва" ("Уйғониш") кенгашлари ИИД ни анча заифлатди.

2010 йилда гуруҳга раҳбар этиб тайинланиши ортидан Бағдодий ИИД нинг салоҳиятини мустаҳкамлади. 2013 йилга келиб, ташкилот яна Ироқда ойига ўнлаб ҳужумларни амалга ошира бошлади. Гуруҳ шунингдек, Суриядаги Башар Ассадга қарши исёнга ҳам қўшилди ва ан-Нусра Жабҳасини ташкил қилди.

Image caption Исломий давлат диний ва миллий озчиликларни нишонга олган

2013 йилнинг апрелида Бағдодий ўзининг Ироқ ва Суриядаги кучларини қўшиб, Ироқ ва Шом Исломий Давлати тузилганини эълон қилди (ИШИД). Ан-Нусра ва Ал-Қоида раҳбарлари ушбу қарорни рад этдилар, аммо Бағдодийга содиқ жангчилар ан-Нусрадан ажралиб чиқиб, ИШИДнинг Сурияда қолишини таъминлашди.

2013 йилнинг декабрида ИШИД яна ўз диққатини Ироққа қаратди ва шиалар бошчилигидаги ҳукумат билан сунний араб озчилиги ўртасидаги сиёсий қарама-қаршиликдан фойдаланди.

Қабила мансубларининг ёрдами билан гуруҳ марказий Фаллужа шаҳрида назорат ўрнатди.

2014 йилнинг июнида ИШИД шимолий Мосул шаҳрини забт этди ва пойтахт Бағдод томон илгарилай бошлади. Июн охирида ўнлаб шаҳарларда ўз ҳокимиятини ўрнатган ИШИД Халифалик тузилганини эълон қилди ва ўз номини Исломий Давлат деб ўзгартирди.

Қаерларни назорат қилади?

Image caption ИД Мосулни забт этгач, айрим сунний араблар уни қўллаб-қувватлашган

Айримлар ИД ва иттифоқчилари Ироқ ва Суриядаги 40 минг квадрат километр ҳудудни назорат қилишини айтадилар. Бу Белгиянинг ҳудудига тенгдир. Бошқалар эса, ИД назорат қилаётган ерлар 90 минг квадрат километр, дейишади-бу қарийб Иорданияга тенг.

Ушбу ҳудудларга Ироқдаги Мосул, Тикрит, Фаллужа ва Тал Афар, Суриядаги Раққа, шунингдек, нефт майдонлари, тўғонлар, шоҳ йўллар ва чегара нуқталари киради.

Ҳисоб-китобларга кўра, ҳозирда 8 миллион одам ИДнинг қисман ёки буткул назорати остида яшамоқда. Гуруҳ ўзи бошқараётган ҳудудларда қатъий Шариат қонунларини жорий этган-аёллар ниқоб кийишади, мусулмон бўлмаганлар эса махсус солиқ тўлайдилар ёки Исломни қабул қилишади. Дарра уриш ва қатл этиш сингари жазо чоралари қўлланади.

Қанча жангчиси бор?

Image caption ИД сафларида минглаб хорижликлар жанг қилишади

АҚШ расмийлари ИДнинг 15 минг фаол жангчиси бор, деб ишонишади. Аммо ироқлик эксперт Ҳишом ал-Ҳошимийга кўра, ИД 30 минг билан 50 минг орасида жангчига эга. Шулардан 30 фоизи "мафкуравий" жангчилар, қолганлар эса қўрқув ёки мажбурлаш туфайли қўшилганлар, дейди таҳлилчи.

ИД жангчиларининг сезиларли қисми ироқлик ҳам, суриялик ҳам эмас. Хавфсизлик масалалари билан шуғулланувчи The Soufan Group нинг яқинда берган маълумотларига кўра, ИД сафларида 81 мамлакатдан 12 мингдан ортиқ хорижий жангчилар бор. Улардан 2 ярим минги охирги уч йилда ғарб давлатларидан Сурияга жанг қилиш учун борганлардир.

Қандай қуроллари бор?

Image caption ИД дунёдаги энг шафқатсиз жангари гуруҳга айланган

ИД жангчилари турли-туман кичик ва оғир қуролларга эга. Улар жумладан, юк машиналарига ўрнатилган пулемётлар, ракеталар, зенит мосламалари ва Ер-ҳаво русумидаги ракета тизимларидан фойдаланишади.

Улар Сурия ва Ироқ армиясидан танклар ҳамда зирҳли машиналарни ҳам қўлга киритишган. Гуруҳ ўзининг қурол-яроғ тармоғига эга бўлиб, тармоқ унинг жангчиларини узлуксиз равишда кичик қуроллар ва ўқ-дорилар билан таъминлаб туради.

ИДнинг ўт очиш салоҳияти шу йил августида унга курдларнинг Пешмерға жангчиларидан устунликни таъминлади ва бу кўпчиликни ҳайратга солди.

ИД маблағни қаердан олади?

Image caption ИД ўзи назорат қилаётган ҳудудларда солиқ ва бошқа тўловларни йиғади

Хабарларга кўра, ИД 2 миллиард доллар миқдоридаги пул-маблағларга эга. Бу-дунёдаги энг бой жангари гуруҳ деганидир.

Аввалига ИД Форс кўрфази давлатларидаги алоҳида шахслар томонидан молияланган бўлса, бугунга келиб, молиявий жиҳатдан ўз-ўзини таъминлаяпти.

Ташкилот ўзи назорат қилаётган нефт ва газ майдонлари, шунингдек, солиқ тушумлари, контрабанда ва одам ўғирлашлардан ҳар ой миллионлаб доллар фойда кўради.

Ироққа ҳужум ИДга мўмай даромад келтирган - гуруҳ ўзи забт этган шаҳарлардаги йирик банкларда сақланган пул-маблағларни қўлга киритган.

Нима учун шунчалик шафқатсиз?

Image caption Бошни танадан жудо қилиш ва ёппасига қириш усуллари душманларни террор қилиш мақсадида ишлатилган

ИД аъзолари сунний Исломнинг ашаддий талқинини қабул қилишган ва ўзларини якка-ю ягона ҳақиқий мусулмонлар, деб билишади. Уларга кўра, бутун дунё Исломни йўқ қилишга бел боғлаган кофирлардан иборат. Улар бошқа мусулмонлар ва номусулмонларга қарши ҳужумларни шу билан оқлашади.

Бошни танадан жудо қилиш, чормих ва ёппасига қириш каби усуллар душманларни террор қилиш мақсадида ишлатилган. ИД аъзолари бу каби қирғинларни Қуръони Каримнинг "бўйинлар устидан зарба бериш" ҳақидаги оятларидан иқтибос келтириш йўли билан оқлашса-да, мусулмонлар уларни қоралайдилар.

Ҳатто Ал-Қоида раҳбари Айман аз-Завоҳирий ҳам шу йил февралида ИДни рад этган.

У 2005 йилда Зарқовийни бу каби шафқатсизлик мусулмонларнинг ақл-заковатлари ва қалблари учун курашда мағлубиятга олиб келиши ҳақида огоҳлантирганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ