Украина можароси: Халқаро Амнистия рақиб тарафларни уруш жиноятларида айблади

Фото муаллифлик ҳуқуқи reuters
Image caption Амнистияга кўра, Украина шарқида жанг қилаётган томонлар уруш жиноятларини содир этган бўлиши мумкин

Инсон ҳақларини ҳимоя қилиш ташкилоти - Халқаро Амнистия (Amnesty International) Украина можаросидаги рақиб тарафларни уруш жиноятларида айблаб чиқди.

"Бу можарода иштирок этаётган барча тарафлар фуқаролар ҳаётига эътиборсизлик кўрсатиб, халқаро мажбуриятларни поймол этмоқдалар," - деб айтган Халқаро Амнистия бош котиби Салил Шетти.

Қароргоҳи Лондонда жойлашган халқаро ташкилот Россияни ҳам Украинадаги "бўлгинчиларнинг жиноятларига ёғ пуркаш"да танқид қилган.

Ташкилотга кўра, якшанба куни нашр этилган ҳисобот Украина шарқидаги уруш минтақаларидан қочиб чиққан оддий одамлар билан бўлган суҳбатларга асосланган.

Халқаро Амнистия ходимлари билан суҳбатлашган инсонлар Украина ҳукумати кучлари улар яшаган минтақаларни кучли бомбардимон қилганини айтганлар.

"Улар берган кўрсатмалар ҳужумларнинг пала-партиш ва уруш жиноятларига тенг бўлганига ишора қилади, - дея таъкидланади баёнотда. - Гувоҳлар шунингдек айирмачи жангарилар уларнинг қўшниларини ўғирлаб кетганликларии, қийноққа солганликлари ва ҳалок этганликларини айтганлар."

Халқаро Амнистияга кўра, сунъий йўлдошдан олинган суратлар ва гувоҳлар ҳикоялари Россия қурол-яроқлари Украинага ўтаётганига "ишонтирувчи далил" бўла олади.

Амнистия шунингдек Украина армияси сифларида жанг қилаётган кўнгилли бўлинмалар томонидан инсонлар ўғирлаб кетилгани ва калтакланганига оид ишончли маълумотларга эга эканини айтган.

"Украинадаги тинч аҳоли ҳимоя қилиниши зарур," - деб айтган жаноб Шетти.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02