Қўшма Штатлар учоқлари ИД мавқеъларини бомбалади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ҳадиса тўғонини курд кучлари ҳимоя қилмоқда

Қўшма Штатлар учоқлари Ироқ ғарбидаг жойлашган Ҳадиса тўғони яқинида Исломий Давлат (ИД) жангчилари эгаллаган мавқеъларни бомбалаган.

АҚШ расмий вакиллари маълум қилишича, ҳаво ҳужумларидан мақсад стратегик жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга бўлган тўғонни жангарилардан ҳимоя қилишдир.

Ҳадиса тўғони Ироқ ғарбини сув ва электр энергияси билан таъминлайди.

Ироқ ва курд кучлари тўғонни унга шимол ва ғарбдан яқинлашиб келаётган ИД жангчиларидан ҳимоя қилмоқда.

Аввалроқ, курд қўшинлари стратегик жиҳатдан аҳамиятга молик Зарта тоғларини қайта ишғол этганди.

"Ироқ ҳукумати талабига асосан ҳамда АҚШ фуқаролари ва иншоотларини ҳимоя қилиш мақсадида АҚШ ҳарбий учоқлари Ҳадиса тўғони яқинида ИД террорчиларига ҳужум бошлади," - деб айтган бир америкалик мулозим.

"Биз бу ҳужумларни террорчиларнинг тўғонга таҳдидини бартараф этиш учун амалга оширдик," - дея илова қилган АҚШ Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Жон Кирби.

ИД ўтган ойларда Ироқ ва Суриянинг йирик ҳудудларини ишғол этган ва бу ерларни "Халифалик" дея эълон қилган.

Август бошидан ҳозирга қадар Қўшма Штатлар 130дан зиёд ҳаво ҳужумларини амалга оширди.

Ўз ҳужумларини асосан тўғонларни босиб олишга қаратган ИД жангчилари ҳозирда Фалужа сув омборини тўлиқ назорат қилмоқдалар.

Улар шунингдек Ироқдаги энг йирик - Мосул тўғонини ишғол этишган, бироқ АҚШ ҳаво ҳужумлари туфайли у ердан чекинишга мажбур бўлганлар.

Анбар вилоятида жойлашган Ҳадиса тўғони Ироқдаги иккинчи йирик сув иншооти ҳисобланади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ