Ироқ кучлари сув тўғони атрофини ИД жангчиларидан 'тозалади'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Ҳадиса Ироқдаги иккинчи йирик тўғон ҳисобланади

Ироқ ҳукумати кучлари маълум қилишича, Ҳадиса тўғони атрофидаги йирик ҳудудлар АҚШ ҳаво ҳужумлари натижасида Исломий Давлат (ИД) жангчиларидан тозаланган.

Жиҳодчилар ғарбий Анбар вилоятидаги тўғонни ҳукумат кучларидан тортиб олишга бир неча бор уринганлар.

ИД ҳаракатлари Қўшма Штатларни ҳарбий амалиётларини кенгайтиришга мажбурлаган.

Ҳозирга қадар Америка ҳаво амалиётлари фақат Ироқ шимоли билан чекланган эди.

Чоршанба куни АҚШ президенти Барак Обама ИДни енгиш бўйича ўз стратегиясини эълон қилади.

ИД ўз назорати остида бўлган Ироқ ва Суриядаги йирик ҳудудларда "халифалик" барпо этилганини эълон қилган.

'Жуда аниқ'

Ироқ ғарбидаги ҳукуматпараст сунний араб қабиласининг бошлиғи, Шайх Аҳмад Абу Риша, Ҳадиса атрофида ўтказилган ҳаво ҳужумлари натижасида тўғонга ҳужум қилишга шай турган ИД мавқеъларини яксон этилган.

"Ҳужумлар жуда аниқ эди. Ортиқча зарар етказилгани йўқ. Агар Исломий Давлат тўғон устидан назорат ўрнатганида эди, Ироқдаги кўплаб ҳудудлар, ҳаттоқи Бағдод ҳам, жиддий хавфга юзма-юз бўларди," - деб айтган у Рейтерс ахборот агентлиги билан суҳбатда.

АҚШ ҳаво ҳужумлари ортидан Ироқ ҳукумати кучлари Ҳадисадаги ИД жангчиларига қарши қуруқликдан ҳужумга ўтганлар ва тўғон атрофида тўлиқ назорат ўрнатганлар.

"Ҳаводан дастак олган ҳукумат кучлари Ҳадиса ноҳияси атрофини тозалаш бўйича йирик амалиёт бошлашди," - деб айтган Ироқ Мудофаа вазирлиги сўзчиси, генерал-лейтинант Қосим Атто Эй-Эф-Пи ахборот агентлигига.

Ироқ қўшинлари сунний араб қабилалари дастаги билан шунингдек Ҳадиса шарқидаги Барвана минтақасини ҳам ишғол этганлар.

Ҳадиса тўғони Ироқдаги иккинчи йирик тўғон бўлиб, миллионлаб инсонларни сув ва электр энергияси билан таъминлайди.

Август ойидан буён Қўшма Штатлар Ироқда 130дан зиёд ҳаво ҳужумларини ўтказган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ